"Ҳаммаси 50х50 бўлиб турибди" - легионеримиз клубидаги тақдири ҳақида
Бир қатор юртларда ва шу жумладан Тожикистон чемпионатида ҳам ўзбекистонлик футболчилар тўп суриб келишмоқда.
Улардан бири истеъдодли ярим ҳимоячи Санжар Рихсибоев бўлиб, у “Эсхата” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётганди.
Бироқ охирги пайтларда футболчи клубида кўриниш бермай қўйди ва уни клубдан кетгани ҳақида ҳам гап-сўзлар чиқди. Шунга ойдинлик киритиш учун Рихсибоев билан боғландик.
- Санжар, сизни “Эсхата”дан кетди деб эшитдик. Аслида вазият қандай?
- Тўғрисини айтсам, ҳали у ердан кетганим йўқ. Клубдагилар билан гаплашяпман. Балки қолишим ҳам мумкин. Ҳаммаси 50х50 бўлиб турибди. “Эсхата” билан амалдаги шартномам бор. Фақат оилавий муаммоим борлиги учун кетмоқчи эдим. Ҳозир ҳаммаси яхши.
- Билишимча, охирги йилларда Тожикистон чемпионатида иштирок этяпсиз. Хўш, “Эсхата”да барчаси сизни қониқтираётганмиди?
- Ўтган йилдан бери “Эсхата”даман. Худога шукр, ҳамма нарса яхши. Мени барчаси қониқтиряпти. Нолимайман. Мураббий билан муносабатим яхши. Коллектив ва раҳбарият ҳам ажойиб инсонлар. Шунинг учун нолийдиган нарса йўқ. Фақат футбол ўйнасак бўлди. Маблағ масаласида қарздорлик ҳам йўқ. Яхши жамоа. Тўғри, Ўзбекистондаги клублардагидек эмас, лекин ёмон эмас.
- Қачондан бери жамоа билан бирга эмассиз?
- 1 июль куни кетгандим. Шундан бери уйдаман. Худо хоҳласа, шанба куни бораман. Ўшанда ҳаммаси ҳал бўлади. Балки 3-4 кунларда тўлиқ якунига етар.
- Мабодо, хизматингизга бошқа жамоалардан таклифлар бўлмадими?
- Ўзимиздан вариант бўлганида чемпионатимизда қолардим. Ҳозир эса вариант йўқ. Тожикистондан вариант бўлганида ҳам кета олмайман. Чунки у ерда энг яхши клублар - “Истиқлол” билан “Эсхата”. Бошқа жамоаларини билмадим.
- Биламизки, “Истиқлол” яққол кучли жамоа ва доим чемпионликни ютиб келяпти. Тожик клублар учун “Истиқлол”ни ортда қолдириш худди имконсиздекми ёки...
- Нимага йўқ? Ҳамма нарсани иложи бор. Майдонга чиқиб тўғри футбол ўйнаш керак. Ютса бўлади, нимага бўлмасин? Имкони бор. Фақат айтганимдек, майдонда тўғри футбол ўйнаш керак.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар