Ҳақиқий ҳужумчи мана шундай бўлади. Шомуродовнинг мухлисларига хушхабар!

 Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатининг минтақавий саралаш турнирининг учинчи босқичи доирасида  иккинчи тур учрашувини ўтказди.

Бу гал ҳамюртларимиз Қирғиз Республикаси футболчилари меҳмони бўлиб, камбэк эвазига 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Биринчи бўлимда қирғиз футболчилари икки бор ҳисобда олдинга чиқиб олганди. Мезбонларнинг биринчи голидан кейин икки дақиқа ичида Элдор Шомуродов жавоб тўпини киритди.

Рақиб биринчи бўлим ўрталарида Ўткир Юсупов дарвозасини яна ишғол қилди. Танаффус олдидан Ҳусниддин Алиқулов ҳисобдаги фарқни йўққа чиқарди. Беллашувнинг иккинчи ярмида Остон Ўрунов Элдор Шомуродовнинг ажойиб пасидан кейин супергол уриб, терма жамоамиз ғалабасини таъминлади.

Ушбу учрашувда ўз ҳисобга гол ёздириб қўйган Элдор Шомуродов халқаро миқёсда тўпурарлик бўйича ўз рекордини яна янгилади. Ўзбекистон миллий терма жамоасида 75-ўйинини ўтказган ҳужумчимиз голлари сонини 41 тага етказиб олди.

2015 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётган 29 ёшли ҳужумчи голларини қайси мамлакатлар терма жамоаларига ургани кўпчилик футбол ишқибозларини қизиқтирса керак.

Sports.uz портали Шомуродов йўллаган тўпларни ўз дарвозасидан олиб чиққан терма жамоалар ҳақида маълумот беради.

Элдор терма жамоамиз сафидаги илк голини учинчи ўйинида – Осиё чемпионатининг саралаш турнирида Баҳрайн дарвозасига киритган.

2016 йил давомида форвардимиз ўз ҳисобига учта гол ёздириб қўйди. Унинг аниқ зарбалари Ливан, Канада, Ироқ  дарвозаларидан жой олди.

2017 йилнинг бошида ўртоқлик учрашувида Грузия дарвозасига бир жуфт тўп киритган ҳужумчимизда қарийб икки йиллик қуруқ серия кузатилди.

Элдор нохуш серияга 2019 йилнинг январида барҳам берди. Осиё чемпионати учрашувларида Ўмон ва Японияга биттадан, Туркманистонга иккита гол урди. Мана шу йилнинг ўзида Хитой, Яман, Саудия Арабистонига биттадан, Сурия, Сингапур, Фаластинга иккитадан тўп киритилди.

Шомуродов 2020 йили Италия чемпионатига кўчиб ўтганидан кейин, миллий терма жамоамиздаги статистикаси ҳам ижобий томонга ўзгаргани кузатилди. Моҳир ҳужумчимиз Европадаги кучли бешлик чемпионатидан келиб, Эрон дарвозасини ишғол қилди.

Кейинги – 2021 йили Сингапур ва Швеция билан бўлган ўйинларда бир мартадан рақиб дарвозасига йўл топди.

2022 йилги беллашувларда “италиялик легионеримиз” Қирғизистон, Қозоғистон, Коста-Рикага биттадан,  Жанубий Суданга иккита, Уганда ва Мальдив ороллари терма жамоаларига учтадан тўп киритиб, сермаҳсуллиги ошиб бораётганини кўрсатди.

Шомуродов 2023 йилни ҳам юқори савияда ўтказди. Унинг Боливия ва Тожикистонга урган голлари футболчиларимизнинг ғалабасини таъминлади. Шунингдек, Элдор Туркманистонга қарши иккита учрашувда жами учта тўп киритди.

2024 йил Элдор учун муваффақиятли давом этмоқда. У март ойида Гонконг билан бўлган ҳар икки ўйинда биттадан тўп киритди. Гонконг  Элдор Шомуродов дарвозасини забт этган 25-терма жамоа сифатида қайд этилди.

Ниҳоят, Шомуродов бир неча ойлик танаффусдан кейин Қирғизистон терма жамоаси дарвозасига 41-голини уриб, ўз рекордини янгилади.

Бундан буён Шомуродов терма жамоа сафида киритган ҳар бир тўпи янги рекорд сифатида қайд этилаверади.

Европани забт этишга кетган ўзбек футболчиси ҳақида маълумотлар

Тўқнашувлардаги бу рақамлар Ўзбекистоннинг қудратини кўрсатяпти!

Шомуродов майдонга бир ўзи тушса, уни албатта тўхтата оламиз, лекин...

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
faxriddin bozorov
11/09/2024 00:25
Шомуродов "Рома"да асосий ҳужумчига айланса, янада қувонар эдик.