"Ҳар бир жамоани мағлубиятга учратишга қодирмиз, "Пахтакор" умуман бошқа жамоа" - Рўзиқул Бердиев иштирокида матбуот анжумани

“Насаф” – “Бухоро” (1:0) ўртасидаги учрашувдан кейинги ташкил этилган матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев журналистларнинг саволларига жавоб берди.

- Ҳозир Суперлигада осон ўйиннинг ўзи бўлмаяпти. “Бухоро” жамоасини шундай темпда ўйнашини билардик. Шунинг учун имкон қадар тезроқ рақиб дарвозасига гол уришимиз зарур эди. Буни фақат иккинчи бўлим охирларига келиб амалга оширдик. Асосийси, уч очкони қўлга киритдик, бу муҳим эди. Ғалаба билан футболчилар ва мухлисларимизни алоҳида табриклаймиз. Бизни жуда яхши қўллаб-қувватлашди.

- Ўтган турдаги омадсизликдан сўнг жамоада ҳали руҳий кўтаринкилик сезилмаяпти...

- Тўғри таъкидладингиз, бу нарса ҳар бир жамоада бўлиб туради. Чунки ғалаба қозонилмаса ҳар қандай тажрибали жамоа бўлса ҳам руҳий тушкунлик бўлиб туради. Ўйлайманки, бу ўйин орқали руҳий ҳолатдан чиқиб кетамиз.

- Грузиялик футболчи ўртоқлик учрашувларида ўзини жуда яхши кўрсатди, голлар урди. Лекин расмий баҳсларда ўзини кўрсата олмаяпти.

- Чемпионатимиз учун янги ўйинчи. У тўлиқ тасаввурга ҳам эга эмас. Бизнинг футбол даражамиздан анча юқори. Бунга кўникиш керак. Аммо барча легионерларимиз бугун ўйин темпига ва ғалабага муносиб ҳисса қўшишди. Рақиб қачон чарчаганида, янгироқ футболчиларни туширсак бу фойда бериши режамизда бор эди.

- “Насаф”ни навбатдаги ўйини “Пахтакор”га қарши бўлади ва осон кечмаслиги аниқ. Шу учрашувдан нимани кўзлаяпсиз?

- Ҳар ўйинга ғалаба учун чиқамиз. Ҳар бир жамоани мағлубиятга учратишга қодирмиз. Шунинг учун кейинги учрашувда ҳам мухлисларни хурсанд қилиш ва ижобий натижа учун майдонга тушамиз.

- “Турон” 12- ва “Бухоро” 13-ўриндаги жамоалар. “Насаф” охирги пайтларда негадир аутсайдерларга қарши жуда қийналяпти. Бунинг сабаби нимада?

- Бу фақат охирги ўйинларда эмас. Бу нарса бизда бўлиб келган. Олдинги ўйинларимизда ҳам баъзида кутилмаган натижалар юз берган. Дейлик, “Андижон” жамоаси билан. Рақибнинг кўпчилик бўлиб ҳимояда ўйнаши бизга қийинчилик туғдиряпти. Шу боис уларнинг режасини бузиш учун биз тезкор гол киритишимиз керак. Агар “Турон” билан баҳсда бошидаги вазиятларни голга айлантирганимизда ҳисоб бошқача бўлиши мумкин эди. Кўп клублар бизга ҳимоявий ўйинни таклиф қилишяпти. Шунинг эвазига озгина қийналяпмиз.

- Кейинги ўйин “Пахтакор”га қарши. “Пахтакор” ҳам ҳимоявий ўйиндан фойдаланади, деб ўйлайсизми?

- Йўқ, “Пахтакор” умуман бошқа жамоа. Клуб даражасига қараб ўйнайди. “Пахтакор” ҳар доим ҳужумкор ўйин тарафдори бўлган. Буни ҳаммамиз биламиз. У ерда катта тажрибага эга футболчилар бор. Албатта, уларни ўйинига қараб, ўрганиб чиқиб, ўз ўйинимизни танлаймиз.

- Сиз учун, шогирдларингиз учун қайси логотип остида ўйнаш қулайроқ?

- Бу менимча катта аҳамият жалб қиладиган нарса эмас. “Насаф” аждар бўлса ҳам, бошқаси бўлса ҳам ўз мавқеини сақлаб ўйнайди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
ишбобоев жума
11/08/2023 11:16
Насаф олга. Пахтакор буш келма! Суперлигамиз жуда хам кизикарли кечмокда. Хар иккала жамоага омад тилайман.
Норов Абдужалил
11/08/2023 06:02
Пахтакор мухлисларига хурматни саклаган холда шуни айтаманки эртага 15 август куни Насаф Пахтакорни ютса суперлигада чемпионлик учун интрига зур булар эди