Here we go! Тимо Вернер "Тоттенхэм" футболчиси
"Тоттенхэм" "Лейпциг"дан Тимо Вернерни мавсум сўнггига қадар ижарага олиш арафасида. Томонар келишувга эришди, ҳужумчи тез орада Англияга йўл олади. Қуйида ушбу трансфернинг барча тафсилотлари билан танишишингиз мумкин.
Қатарда бўлиб ўтадиган Осиё кубоги "Тоттенхэм"ни сардоридан айирди. Мавсумни кўтарингки кайфиятда ўтказаётган ва айни пайтгача таркибдаги энг кўп голда иштирок этган Сон Хён Мин Жанубий Корея сафига бориб қўшилди. Ўзи шундоғам лондонликлар асосий футболчиларининг сафда йўқлигидан азоб чекмоқда. Шу сабабли, раҳбарият ҳам қанотда, ҳам марказда ўйнай оладиган ҳужумчи билан шартнома имзолашни истади ва Тимо Вернер варианти маъқул келди. Ўз юлдузларини қўйиб юборишни ёқтирмайдиган "Тоттенхэм" "Лейпциг" билан деярли икки кун музокаралар олиб борди.
"Шпорлар" шартномага Вернерни сотиб олиш опциясини ҳам қўшди, яъни клуб уни трансфер қилишга мажбур эмас. Миш-мишларга кўра, германиялик футболчини клуб 15-20 миллион евро эвазига сотиб олиши мумкин. Тимо ҳам таклифни биттада қабул қилди. Ваҳоланки унда бошқа вариантлар ҳам бор эдм. Мисол учун, "Манчестер Юнайтед" "Тоттенхэм"дан олдинроқ футболчига жиддий қизиқиш билдирган. Аммо "қизил иблислар" томонидан фаол ҳаракатлар бўлмаган. Йўқса, Вернернинг МЮга ўтиш эҳтимоли ҳам бор эди.
27 ёшли ҳужумчи 2022 йилнинг ёзида собиқ жамоасига қайтганди. "Челси"даги муваффақиятсизликдан кейин унга иккинчи имкониятни берган "Лейпциг" сафида Вернер дастлабки мавсумни ёмон ўтказгани йўқ. У 27 та ўйин ўтказган бўлса, шулардан 23 тасида асосий таркибда майдонга тушди. Аммо мазкур мавсум страйкер 2 дона учрашувда бошланғич таркибдан жой олди. Бу эса немисни жаҳлини чиқарди ва клубни тарк этишини агентига маълум қилди. Камига Тимо "Евро-2024" турнирида Германияга ёрдам беришни хоҳламоқда. Агарда у захирада ўтираверса, терма жамоадан чақирув ҳам ололмайди.
Вернер тезроқ "Тоттенхэм" таркибига бориб қўшилишни истамоқда. унга Ангелос Постекоглуниниг услуби жуда ёқади. Шу сабабли, футболчи бугуннинг ўзида тиббий кўрикдан ўтиб, эртага Лондонга боришни режалаштирган.
Ҳужумчини янги клубида нечанчи рақамда ўйнаши ҳам қизиқ. Катта эҳтимол билан, у ғайриоддий рақамда ўйнайди, чунки айни пайтда 6, 25, 26, 28, 31, 32-номерлар бўш турибди, ёки Брайан Хиль 11ни унга совға қилади.
Суҳроб Холбеков тайёрлади.
Фикрлар