Ҳимоячидан ҳужумчига айланган "Андижон" етакчиси "Навбаҳор"ни ютишга ваъда беряпти. Фақат, бунинг учун...
21 ноябрь куни “Бобур арена” стадионида водий дербиси номи остида “Андижон” ҳамда “Навбаҳор” клублари ўртасида ўта муҳим ўйин бўлиб ўтади. Одатда, бу икки жамоа турнир жадвалида қайси поғоналарда бўлишидан қатъи назар, майдонда чинакам жанг кечади.
Бу шундай ўйинки, унда футболчилар бир-бирини аяб ўтирмайди, икки томон мухлислари эса ўз жамоаларини қўллаб-қувватлашда бир-биридан қолишмайди.
Биринчи даврада Намангандаги учрашувда “Андижон” Усмонали Исмоналиевнинг охирги сонияда урган ягона голи эвазига тарихий ғалаба билан қайтганди. Мухлисларнинг ушбу ўйинчидан умиди катта.
Ҳимоячидан ҳужумчига айланган Исмоналиев жамоасига олдинги чизиқда ҳам катта ёрдам кўрсатяпти. У Sports.uz сайтига дастлаб бўлажак учрашувга тайёргарлик қандай бўлаётгани ҳақида гапирди.
- Тайёргарлигимиз зўр, гап бўлиши мумкин эмас. Жамоадаги барча футболчилар бу ўйинда қўлидан келган барча ишни қилади. Кайфиятимиз яхши. Бу ўйин ўз номи билан дерби бўлганидан кейин кайфият ёмон бўлиши мумкин эмас. Мақсадимиз фақат ғалаба қозониш. Дербига мос ўйин кўрсатиб, мухлисларимиз олдида юзимизни ёруғ қилиб, ўйинни ғалаба билан якунлашимизга ишонамиз. Ишқибозларимиздан жамоамизни фаол қўллаб-қувватлашларини сўраб қоламиз. Бу ўйинда кайфият кўпроқ мухлисларга ҳам боғлиқ. Улар қўллаб турса, мухлисларни хурсанд қилиш учун ютишга ваъда берамиз.
Юқорида Намангандаги ўйинни бежиз эсламадик. Ўша ғалаба ва урилган гол Усмонали учун фаолиятида унутилмас бўлиб қолганига шубҳа йўқ. Андижонлик ишқибозлар ундан бу сафар ҳам олдингидек шижоатли ўйин ва гол кутишяпти.
- Намангандаги ўйинни фаолиятимдаги унутилмас учрашув, десак ҳам бўлаверади. Жамоамизга ҳозир ғалаба жуда муҳим ва керак. Голни ким уришининг фарқи йўқ. Дербиларда кўп гол бўлмайди. Битта гол ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин. Албатта, жамоамизнинг ғалабасини ўз голим билан тақдим этишга ҳаракат қиламан. Муҳими, ютсак бўлди. Ҳамма нарса “Навбаҳор” билан учрашувга боғлиқ. Голни ким урмасин ютишимиз шарт, - дея бу борада муносабат билдирди Исмоналиев.
Шунингдек, кўпчиликни водий дербисида ҳам бу футболчи ҳужум чизиғида ўйнайдими ёки ҳимояни мустаҳкамлаш учун мудофаа чизиғида тўп сурадими, деган савол ўйлантиряпти. Бунга футболчи ойдинлик киритди.
- Бундан буёғига мени фақат ҳужум чизиғида кўрасизлар. Худо хоҳласа, энди ҳужумчи бўлиб ўйнайман. Бу ўйинга тайёргарлигим ҳам фақат ҳужумга қаратилган. Мураббийимизнинг ишончини оқлайман.
“Навбаҳор”дан кўра “Андижон”га ғалаба кўпроқ зарурлигини ҳамма билиб турибди. Аммо бунинг учун андижонликлар рақибини мағлуб этиш йўлини топиши керак. Чунки “Навбаҳор” жиддий жамоа. “Андижон”да вазият оғирроқ. Сабаби, клубни фақат ғалаба қониқтиради, ҳатто дуранг ҳам керак эмас. Исмоналиев жамоасининг лигада қолиш имкониятлари хусусида ҳам фикр билдирди.
- Боя айтдим, ҳамма нарса “Навбаҳор”га қарши учрашувга қараб турибди. Бу ўйинни ютиб олсак, Худо хоҳласа, кейин “Турон”ни мағлуб этиб, Суперлигада қоламиз. Биринчи навбатда, олдимизда турган ўйинимизни ютишимиз керак. Уч очкони қўлга киритсак, хавфли ҳудуддан узоқлашамиз. Бизга қолган жамоаларнинг эмас, балки ўзимизнинг ўйинларимиз муҳим. Нима қилиб бўлса ҳам ўз майдонимиздаги учрашувда ғалаба қозонишимиз шарт. Ўзи дербида ҳамма асабий бўлади. Тўқнашувларга бой ва қизиқарли ўйин кечади. Бу каби учрашувлар бизга ёқади. Водий дербиси дейилганидан кейин бизнинг жамоа ҳамма нарсага тайёр. Ютишимиз керак, ютмасак бўлмайди. Бу жангда ғолиб чиқиб, Андижон халқини хурсанд қилмасак бўлмайди. “Навбаҳор”ни ҳамма футболчиси хавфли. Айниқса, ҳужум чизиғидаги уч нафар ўйинчисини хавфли, деб биламан.
Агар “Андижон” ўтган турда АГМКни ютиб қайтганида борми, ҳозир клуб ўзини бироз енгилроқ ҳис қилаётган бўларди. Биласиз, “бургутлар” Олмалиқдаги учрашувда 0:2 ҳисобида ғалаба қозонаётиб ўйин якунигача учта тўп ўтказиб юборишди ва ҳатто дурангни ҳам ушлаб қололмадилар. Усмонали мазкур ўйинни эслади.
- АГМК билан учрашувда мувозанатни ушлаб қола олмадик. Дарвозамиздан биринчи голни ўтказганимиздан кейин ҳамма хавотирга тушиб қолди ва хато кетидан хато бўлаверди. Бу сафар хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз. АГМКга қарши учрашувнинг охирларида озгина чарчоқ аломати ҳам бўлди, - деб сўзини якунлади футболчи.
Фикрлар