"Ҳоким Кубоги" ғолиби аниқланди. Бу Канчельскис жамоаси эмас...
Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Андижонда вилоят ҳокими Кубоги мусобақаси ташкил этилганди ва куни кеча мазкур турнир якунига етди.
“Ҳоким Кубоги”да “Андижон”, “Навбаҳор” ва “Нефтчи”нинг U21 жамоалари, Андижондаги футбол академияси, болалар ва ўсмирлар футбол мактаби жамоаси, шунингдек, Қирғизистондан “Мурас Юнайтед”, “Талант” сингари клублар ҳам иштирок этишди.
Айниқса, таниқли мутахассис Андрей Канчельскис бошчилигидаги “Мурас Юнайтед”нинг мусобақада қатнашиши унга бўлган қизиқишни янада оширгани рост. Шу билан бирга айнан “Мурас Юнайтед” “Ҳоким Кубоги” мусобақасининг асосий фаворитларидан бири сифатида кўрилаётганди. Лекин Канчельскис жамоаси ярим финалда “Нефтчи” U21 жамоасига 1:0 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ярим финалнинг яна бир жуфтлигида эса “Уз Тонг Хонг Ко” Қирғизистоннинг бошқа бир клуби – “Талант” билан беллашди ва голларга бой ўтган учрашувда қўшни юрт жамоаси 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа, финалда “Нефтчи” U21 билан “Талант” беллашадиган бўлди.
Учинчи ўрин учун “Мурас Юнайтед” билан “Уз Тонг Хонг Ко” жамоалари беллашишлари лозим эди. Бироқ қор ёғиб ноқулай об-ҳаво шароити юзага келгани сабабли майдонда футбол ўйнашнинг имконияти йўқолди. Натижада ташкилотчилар ва иккала клуб вакиллари ўртасида ўзаро келишув амалга оширилган ҳолда “Уз Тонг Хонг Ко” ҳам, “Мурас Юнайтед” ҳам 3-ўринга лойиқ кўрилдилар.
Мусобақанинг ҳал қилувчи финал беллашуви Андижон футбол академиясининг сунъий қопламали майдонида бўлиб ўтди. Ўйинда устунликка эришган Қирғизистоннинг “Талант” клуби “Нефтчи” ёшлари устидан 5:0 ҳисобида устунликка эришди. Голларга Нурсултон Тўктоналиев (3 та), Мирлан Худойбердиев ҳамда Тимур Амиров муаллифлик қилдилар.
Шундай қилиб, Андижонда ўтказилган бу йилги “Ҳоким Кубоги”да Қирғизистоннинг “Талант” жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Табиийки, ўйиндан кейин мусобақанинг ғолиб ва совриндорларига ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари ҳам топширилди.
Фикрлар