“Ҳумо арена"нинг очилишида ишқибозларни унутилмас шоу кутмоқда

Яна бир неча кундан сўнг, аниқроғи, 15 март куни пойтахтимизда ўзбек спорти тарихида янги солнома очилади. 2 йил давомида қурилган муҳташам “Ҳумо” аренасининг очилиши айнан ушбу кунга белгиланган. Бугун мазкур тадбир олдидан матбуот-анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон хоккей федерацияси, Ўзбекистон электрон ОАВ миллий асоциацияси, “Ҳумо арена»си қурилиши дирекцияси раҳбарияти ва спорт жамоатчилигининг бошқа вакиллари ҳам иштирок этишди.

- "Хумо арена”си бир сўз билан айтганда универсал спорт иншооти бўлади. Унда нафақат хоккей балки, қишки спорт турларидан шорт-трек, фигурали учиш, кёрлинг, конькида югуриш муз қоплама олиб ташланса, гандбол, баскетбол, волейбол, дзюдо, оғир атлетика, мини-футбол ва шу каби жуда кўплаб спорт мусобақаларини қабул қилишимиз мумкин. Яқин йиллар ичида спорт федерациялари ва ассоциациялари билан ҳамкорликда мажмуада Олимпия ўйинларига киритилган шундай спорт турлари бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатларини қабул қилишни режалаштирганмиз, – деди Жасур Матчанов.

Шунингдек, мутасаддилар анжуман давомида журналистлар ва тадбирга йиғилганларнинг саволларига жавоб беришди. Табиийки, кўпчиликни қизиқтирган савол очилиш маросимининг қандай сценарий асосида ўтказилиши бўлди.

- Очилиш маросими спорт мухлисларининг ёдида узоқ вақт сақланиб қолади. Бадиий қисмнинг ўзида 2 мингдан ошиқ иштирокчи қатнашади. Бундан ташқари аренага 6 мингдан зиёд мухлислар келиши кутилмоқда. Очилиш маросимида бош ғоя санъат ва спортни биргаликда уйғунлаштириб беришдир. Шунингдек, унда Павел Буре, Виталий Прохоров каби яқин ўтмишимизнинг хоккей юлдузлари, муз устида рақс бўйича Турин Олимпиадаси чемпиони Татьяна Навка, концерт дастурида эса Филипп Киркоров, Николай Басков, Дима Билан каби эстрада юлдузлари ташриф буюришади, – деди очилиш маросими ташкилотчиси Мадина Турсунова.

“Ҳумо арена"си асосий ва кичик майдонларга эга бўлиб, катта мусобақалар учун мўлжалланган қисми 12 500 мухлисни ўз бағрига сиғдира олади. Мазкур спорт иншоотининг очилиш маросими 15 март куни бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!