"Ҳумо"нинг иродали ғалабаси ва муздаги жанжал (ВИДЕО)

"Ҳумо Арена"да кечган учрашув қизиқарли ва муросасиз курашларга бой тарзда ўтди. 6-дақиқада Дмитрий Гренцнинг узатмасидан сўнг Артём Лихотников Роман Смирягин билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва ҳисобни очди.

Шундан сўнг мезбонлар ҳужумкорликни оширишди. Бу эса иккинчи давр ўрталарига келиб самара берди. Павел Здунов ва Артём Воронинларнинг узатмаларидан сўнг Нодир Исломов узоқ масофадан рақиб дарвозасига шайбани жойлаб қўйди ва мувозанатни тиклашга эришди.

Беллашув асабий руҳда ўтди ва 44-дақиқада "Ҳумо" ҳимоячиси Всеволод Сорокин рақиб жамоа хоккейчиси Никита Сороткин билан "бирга-бир" жангга киришди. Натижада ҳар иккаласи ҳам 5 дақиқа жарима вақтига "эга бўлишди".

Ғалаба учун ҳаракат қилган тошкентликлар 52-дақиқада Павел Здуновнинг дарвозабондан қайтган шайбани дарвозага аниқ йўллаши эвазига ҳисобда олдинги чиқиб олишди ва айнан мазкур гол якунда "қанотлилар"га иродали ғалаба ва муҳим 2 очкони келтирди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!