Ҳусанов 300 баравар қимматлади ва уни олишга янги даъвогарлар пайдо бўлди!
“Ланс” раҳбарияти жамоанинг етакчи ҳимоячисига айланган Абдуқодир Ҳусановни ўз таркибида сақлаб қолиши анча қийин масалага айланадиган кўринади.
Қишки трансферлар вақти яқинлашгани сари легионеримиз учун курашадиган жамоалар сони тобора ортиб бормоқда ва уларнинг мақсади жиддийлашаётгани ҳақида маълумотлар тарқатиляпти.
Sports.uz портали 20 ёшли ҳимоячига Англия Премье-лигаси клублари томонидан қизиқиш ортиб бораётганини инобатга олиб, ушбу мамлакат футболини ёритаётган нуфузли манбаларнинг ўзбек ўйинчиси ҳақида чиқараётган маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
“Челси” ўз таркибига Англия Премьер-Лигаси тарихида илк бор Ўзбекистон футболчисини қўшиб олиши мумкин. Бу Франция чемпионатида ўйнаётган “Ланс” марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов бўлади. “Аристократлар” Европанинг ўндан зиёд клублари “ов” қилаётган бу футболчини трансфер қилишга тайёргарлик кўрмоқда.
TEAM TALK:
“Челси” нишонига тушган 20 ёшли ўзбек ўйинчиси Франциядаги иккинчи мавсумига келиб, 300 баравар қимматлайди. “Ланс” уни 2023 йилнинг ёзида Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасидан 100 минг еврога трансфер қилганди. Энди бу ҳимоячи амалда 30 миллион еврога баҳоланмоқда.
Ҳусановни олиш учун навбатда турган Европа клубларининг рўйхати сизни ҳайратга солади. Хусусан, бу рўйхатдан “Челси”, “Тоттенхэм”, “Ньюкасл”, “Брайтон”, “Вест Хэм”, “Наполи”, “Аталанта”, “Пари Сен-Жермен”, “Марсель”, “РБ Лейпциг”, “Байер Леверкузен” ўрин олган. Лекин булар билан рўйхат якунлангани йўқ ва у кенгайишда давом этмоқда.
THE TELEGRAPH:
Бизнинг манбаларимизга маълум бўлишича, Абдуқодир Ҳусанов учун курашда “Тоттенхэм”нинг имконияти юқори баҳоланмоқда. “Шпорлар” Абдуқодир тимсолида ажойиб ҳимоячилари Мики ван де Вен “клони”ни кўрмоқда.
Кўпчиликни ёш марказий ҳимоячига нима учун Европанинг гранд клублари бунчалик қизиқиб қолгани ҳайратга солмоқда.
Бунга жавобан таъкидлаш лозимки, кўплаб скаутлар эътиборини тортган жиҳат Абдуқодирнинг футболда юқори даражада қадрланадиган ўзига хос хусусиятлари ва талантидир. Хусусан, бўйича 186 сантиметр бўлган ҳимоячи жуда баланд сакрайди, яккакурашларда жуда кучли ва уни енгиш мушкул. Бундан ташқари, Ҳусанов марказий ҳимоячи бўлишига қарамай, катта тезликка эга. Абдуқодир бу борада Европанинг энг тезкор ҳимоячиларидан бири бўлган Мики ван де Вендан умуман қолишмайди. Айрим жиҳатлари бўйича нидерландиялик ҳамкасбидан устун ҳам.
Майк МАГРАТ:
Мен айни пайтда Ҳусановга Англия Премьер-лигасидан еттита клуб қизиқаётганини аниқ биламан. Франция клуби ўзбек футболчиси трансферидан камида 25 миллион фунт ишлаб олмоқчи. Чунки Ҳусанов ҳали ёш, ўйини кучайиб боряпти, нархи мунтазам кўтариляпти.
Абдуқодирни қўлга киритишга, асосий даъвогарлардан ҳисобланган “Тоттенхэм” уни январда трансфер қилишни режалаштирмоқда. Лондон суперклуби тез орада якуний қарорга келиши керак.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов “Бунёдкор” академиясида тарбияланган. Профессионал футболчилик фаолиятини хорижда “Энергетик-БГУ” жамоасида бошлаган. 2023 йилнинг ёзида “Ланс” билан тўрт йиллик шартнома имзолаб, Франция чемпионатидаги биринчи ўзбек футболчисига айланди.
Фикрлар