Италия матбуоти: Шомуродов қимматбаҳо юлдузларни сўндириб қўйди

Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасининг ҳақиқий кашфиётига айланди. 30 ёшли ўзбек ҳужумчиси чемпионат бошланганидан бери мунтазам гол урмоқда ва айни пайтда 15 та гол билан тўпурарлар пойгасида пешқадамлик мавқеини сақлаб турибди.

Sports.uz портали Италия футболини ёритаётан нуфузли манбалардан бири –  teleradiostereo.it сайтининг ўзбек ҳужумчиси ҳақидаги мақоласини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.

- Истанбул ҳар доим зиддиятлар шаҳри бўлган, аммо 2025-2026 йилги футбол мавсумида Суперлигада рўй бераётган воқеалар ҳақиқий сенсацияга айланди. Жаҳон футболи юлдузлари учун ўзига хос “фатҳ майдони”га айланган лигада, ҳатто “Галатасарой” ёки “Фенербаҳче” каби машҳур клублардаги юлдузлар ҳам ўз ҳукмронлигини ўтказа олмаяпти.

Туркияни забт этаётган юлдуз – у Виктор Осимхен эмас, Мауро Икарди эмас, ҳатто маҳорат даражаси бўйича Марко Асенсио ёки Андерсон Талискадай таниқли ҳам эмас. Энг яхши тўпурар тахтида эса фақат бир киши турибди – бу Элдор Шомуродов.

Ёзда “Рома”дан сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара асосида “Башакшеҳир”га ўтган ўзбекистонлик ҳужумчи Босфор соҳилларида ўзининг ҳақиқий ўрнини топди.

Рақамлар ўз-ўзидан тилга киради ва уларни бошқача талқин қилишга ўрин қолдирмайди: мавсумнинг ярмидан ўтган айни паллада ўзбек ҳужумчиси ҳисобида 15 та гол ва 4 та голли узатма бор. Бу самарадорлик мавсум бошида таваккал, деб баҳоланган қарорни мутлақ техник ва жисмоний устунликка айлантирди.

А Сериядаги фаолияти давомида “Женоа”, “Специя”, “Кальяри” ва “Рома”даги беқарор ўйинлардан кейин Элдор, ниҳоят, Италияда катта сакраш қилишга тўсқинлик қилган муаммоларни енгиб ўтганини намойиш қиляпти.

Унинг қайта юксалиши — ишонч ва тўғри тактик жойлашув уйғунлиги натижаси. “Башакшеҳир”да Шомуродов лойиҳанинг асосий таянчига айланган: у жамоа ҳужумига чуқурлик олиб кирди ва шериклари билан ўзаро тушунишни юқори даражада намоён этяпти. Айнан мана шу бу сифатлар “Рома”да фақат қисман кўзга ташланган эди.

Туркиянинг топ-жамоалари ҳужум чизиғида қимматбаҳо юлдузларни жамлаган ва улар ёрдамида курашаётган бир пайтда, ўзбекистонлик футболчи ҳайратланарли барқарорлик билан олдинга чиқмоқда: у ҳар қандай усулда ва исталган рақиб дарвозасига гол уряпти.

Ҳозирги пайтда тўпурарлар жадвали камчилик ишонган ҳақиқатни очиб бермоқда: қимматбаҳо ва машҳур юлдузлар уни ортидан қувиб келаётганига қарамай, Элдор лиганинг энг яхши футболчиси унвонига жадал яқинлашмоқда. Шундай экан Шомуродов учун ҳақиқий ғалабаларни тантана қилиш даври келди, - деб ёзмоқда  teleradiostereo.it сайти.

Эслатиб ўтамиз, Туркия чемпионатининг 21-туридан кейин Элдор Шомуродов 15 та гол ва 4 та ассист билан гол+пас тизимида 19 балл жамғарган ҳолда Суперлиганинг энг самарали ўйинчиси бўлиб турибди. Бу кўрсаткич бўйича унинг энг яқин таъқибчиларидан Марко Асенсио (“Фенербаҳче” 9 та гол, 7 та ассист) ва Поль Онуачу (“Трабзонспор” 15 та гол, 1 та ассист) 16 баллдан жамғарган. “Фенербаҳче”нинг бразилиялик юлдузи Талиска ҳисобида 15 балл (12 та гол ва 3 та ассист) бор.

Жойи ўзгарган Ҳусановнинг ўйинини экспертлар қандай баҳолади?
Европада Шомуродовга эътибор қаратишди
Супергол урган Шомуродов: Овора бўлма, барибир етолмайсан!

Ҳусановнинг “даҳшатли” кўрсаткичлари муҳокамага сабаб бўлди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!