Ҳусанов иштирок этган ўйин "Сити" ғалабаси билан якунланди
Янги мавсумга тайёргарлик доирасида Осиёга сафар қилган Англиянинг «Манчестер Сити» жамоаси Жанубий Корея чемпионати юлдузларидан тузилган «К-Лига Старс» терма жамоасига қарши назорат учрашуви ўтказди.
Барча тўрт гол ўйиннинг биринчи ярмида урилади. Тўққизинчи дақиқада Райан Айт-Нури манкунианларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан кўп ўтмай Ким Дае Вун ҳисобни тенглаштирди.
Шундан сўнг «Манчестер Сити» яна икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. 20-дақиқада Тижани Рейндерс аниқ зарба йўллаган бўлса, уч дақиқадан кейин Дивин Мубама учинчи гол муаллифига айланиб, учрашувдаги якуний ҳисобни ўрнатди — 3:1. Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абуқодир Ҳусанов «шаҳарликлар» таркибида майдонга асосий таркибда тушди ва биринчи таймни тўлиқ ўтказди. Танаффусдан сўнг уни Витор Рейс алмаштирди.
Иккинчи бўлимда жамоалар ҳисобни ўзгартира олмади ва «Манчестер Сити» ғалабани сақлаб қолди.
Эслатиб ўтамиз, ундан олдинги назорат учрашувида «шаҳарликлар» Миланнинг «Интер» жамоасига қарши асосий вақтни 1:1 ҳисобида якунлаган, пенальтилар сериясида эса 1:3 ҳисобида мағлуб бўлган эди.
Ҳусанов жамоасининг навбатдаги ўртоқлик ўйини 9 август куни Мадриднинг «Атлетико» клубига қарши ўтказилиши режалаштирилган.

Фикрлар