Шомуродов трансферига етти карра чемпиондан аниқ таклиф тушди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов яқин вақт ичида жамоасини алмаштириши мумкин. Бу ҳақда бир неча манбалар хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, 31 ёшли форвардга Туркиянинг етти карра чемпиони «Трабзонспор» жиддий қизиқиш билдирган. Клуб ўзбекистонлик футболчи учун аниқ таклифларни илгари сура бошлади.
Трабзонликлар ўзбек футболчисини қўлга киритиш учун жамоа ярим ҳимоячи Батиста Мендини трансферга қўшмоқчи. Шунингдек, қўшимча равишда 5–7 миллион евро миқдорида пул ҳам тўлашга тайёр.
Шу билан бирга, «Башакшеҳир» трансферга бошқа футболчиларни қўшиш вариантига қизиқмаётгани қайд этилмоқда. Истанбул клуби Шомуродов учун 15–20 миллион евро атрофида маблағ ишлаб олишни мақсад қилган.
Кутилишича, яқин кунларда икки жамоа вакиллари ўзаро музокара ўтказиб, эҳтимолий трансфер шартларини муҳокама қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2025/2026 йилги мавсумда Шомуродов Туркия чемпионатида 34 та ўйин ўтказиб, 22 та гол урди ва 5 та голли узатма амалга оширди. Шу натижалар орқали у Суперлиганинг энг яхши тўпурарига айланди.
Элдор фаолияти давомида Ўзбекистонда «Машъал» ва «Бунёдкор» Россияда «Ростов», Италияда «Женоа», «Специя», «Кальяри» ва «Рома» клублари шарафини ҳимоя қилган. Тажрибали форвард 2025 йилнинг ёзидан «Истанбул Башакшеҳир»да тўп тепиб келмоқда.
Ёзда Элдор Шомуродов Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 2026 йилги жаҳон чемпионатида майдонга тушди. Форвард Конго Демократик Республикаси жамоасига қарши гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинда битта гол уришга муваффақ бўлди.

Фикрлар