Ҳусанов нималар қилиб қўйдинг?! Дембеле ва Ҳакимини ағдариб ташлаган Ҳусановнинг ўйинига қандай муносабат бўлди?
Франция чемпионатининг ўнинчи тури доирасидаги энг қизғин кечган баҳс ПСЖ ва “Ланс” жамоалари ўртасида бўлди.
Учрашувда Усмон Дембеле киритган ягона гол парижликларга уч очко келтирди. Бироқ лансликлар ўйин бобида чемпион жамоадан қолишмаслигини намойиш қилди.
Бу баҳсда ҳамманинг эътиборини Абдуқодир Ҳусанов тортди. Аслида ПСЖ легионеримизни трансфер қилиш мақсадида кузатиши айтилган эди. Лекин бу баҳсда 20 ёшли ҳимоячи асосан қўполлиги билан кўзга ташланди.
Биринчи бўлимда икки футболчи – Усмон Дембеле ва бразилиялик Лукас Бералдо ўзбек йигити билан тўқнашганидан кейин ўзига келишига бир неча дақиқа керак бўлди. Беллашувнинг 60-дақиқаси ўтиб бораётганида Ашраф Ҳакими Абдуқодир Ҳусановнинг зарбасидан кейин ерга қулади.
Бу фол ўта қўпол амалга оширилгани боис, ҳакам бунгача огоҳлантириш олган легионеримизга бу гал тўғридан тўғри қизил қарточка кўрсатди.
“Ланс” фаолиятини таҳлил қилиб бораётган lensois.com портали экспертлари жамоанинг ПСЖга қарши энг яхши ўйнаган ва ишончни оқламаган футболчиларини аниқлаб чиқди.
Энг яхши футболчилар
Брис Самба
Анчадан бери “Ланс” дарвозасибонига бунча кўп иш бўлмаганди. “Ланс” ҳисоб йириклашиб кетмагани учун Самбага миннатдорлик билдириши керак. Тажрибали голкипер 15, 30, 35, 43-дақиқаларда хавфли зарбаларни бартараф этди.
Энди Диуф
Бу футболчи катта тезликда ҳужумга ўтиш орқали парижлик ҳимоячиларни босим остида ушлаб турди. Унинг айрим ҳужумлари дарвоза томон зарба бериш билан якунланди. Иккинчи бўлимда Диуф янада фаолроқ ўйнади.
Ишончни оқламаганлар
Жоаннер Чавес
Париждаги учрашув Чавес учун анча оғир ўтди. Бу футболчи рақиб ҳужумчиси Брждли Барколага тўсқинлик қила олмади. Бир неча бор яккакурашларда имкониятни бой берди. Ҳужум уюштиришда ҳам бўш ўйнади. Ўйиннинг иккинчи ярмида ҳимояланишга ёрдам берди, бироқ олдинда ҳеч нарса қила олгани йўқ.
Жонатан Градит
Чавес билан бир қанотда ўйнаган Градит Брэдли Барколага қаршилик кўрсатолмади. Парижликлар ғалаба тўпини киритган ҳужум айнан Градитнинг хатосидан кейин юзага келди. Баркола яккама-яккакурашларда Градитни бир неча маротаба ожиз қолдириб кетди. Уилл Стилл 62-дақиқада уни ўйиндан олиб ташлади.
Абдуқодир Ҳусанов
Абдуқодир Ҳусанов биринчи бўлимда кучли рақибга қарши бирорта муаммога дуч келмаган ягона ҳимоячи бўлганди. Усмон Дембеле бу ҳимоячи билан курашда анча қийинчиликка дуч келди. Биринчи бўлим охирига келиб, Ҳусанов шиддатли подкат учун огоҳлантириш олди.
59-дақиқада Ҳусанов машҳур ҳамкасби Ашраф Ҳакимига нисбатан жуда қўпол ўйнади. Бу вазият VAR тизимида қайта кўрилганидан кейин ҳамюртимиз тўғридан тўғри қизил карточка билан жазоланди.
Эслатиб ўтамиз, бу Абдуқодир Ҳусановнинг Франция чемпионатидаги илк қизил карточкаси сифатида эсда қолди.
Фикрлар