Ҳусанов ўйнаган ва 9 та гол урилган ўйиндан кейин янги бош мураббий нималар деди?

Навбатдаги чемпионатга янги бош мураббий Уилл Стилл қўл остида тайёрланаётган “Ланс” жамоаси мавсумолди йиғинларидаги дастлабки синов-назорат учрашувини ўтказди.

Жамоани ўн кундан бери шуғуллантираётган Уилл Стилл бошчилигидаги мураббийлар штаби ўйинчиларнинг имкониятларини билиб олиш учун беллашувда деярли таркибда бор барча футболчиларни майдонга туширишга ҳаракат қилди.

“Ланс”нинг илк рақиби Бельгия чемпионати вакили “Кортрейк” жамоаси бўлди. Ўйин ёпиқ эшиклар ортида ўтказилгани боис унга журналистлар ва мухлислар қўйилмади.

Экспертларнинг таъкидлашича, Уилл Стилл “Ланс”ни ҳужумкор ўйин намойиш қиладиган жамоага айлантиришга уриняпти. Бельгияликларга қарши ўтказилган учрашувда ҳам айнан мана шу услуб қўлланилди.

Голларга бой бўлган беллашувда лансликлар рақибни 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратди. “Ланс” голларини Уэсли Саид, Рубен Агилар, Исмаэло Ганиу, Жимми Кэбот, Адриен Томассон ҳамда Эльи Вахи киритди.

Ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов иккинчи бўлимда майдонга туширилди.

Беллашувдан кейин бош мураббий Уилл Стилл шогирдлари ҳаракатларига баҳо берди.

Учрашув жуда қизиқарли кечди. Бу баҳсдан асосий мақсадимиз ҳар бир футболчига 45-50 дақиқа ҳаракат қилиш, максимал даражада интенсив ўйин кўрсатиш ва майдонни югуриб уни ҳис қилиш имконини бериш эди.  

Ҳар бир футболчининг ўйинга қўшган ҳиссаси катта бўлди. Бир ҳафта тайёргарликни ана шунлай юқори самарадорлик билан якунлаш ёқимли ва қизиқарли бўлди. Бу келажакка катта умид билан қараш имконини берганини таъкидлашим лозим. Табиийки, ҳали олдинда қилинадиган ишлар кўп, хато-камчиликларни бартараф этиш керак. Лекин ҳамманинг ишга муносабати мени қониқтирди, - деди Уилл Стилл.

Тайёргарлик жараёнида “Ланс” жамоаси футболчилари яна олтита учрашувда майдонга тушади. Режага кўра қуйидаги ўйинлар бўлади:

12 июль: “Ланс” – “Црвена Звезда” (Сербия)

20 июль: “Ланс” – “Оуд-Хеверли Лёвен” (Бельгия)

27 июль: “Утрехт” (Нидерландия) – “Ланс”.

3 август “Ланс” – “Байер Леверкузен” (Германия)

7 август: “Ланс” – “Версаль” (Франция)

10 август: “Ланс” – “Лестер” (Англия)

“Ланс”даги вакилимиз Абдуқодир Ҳусанов бу баҳсларда иштирок этмайди. Чунки 20 ёшли ҳимоячимиз Париж Олимпиадасида иштирок этиш учун шу кунларда Ўзбекистон U-23 терма жамоасига бориб қўшилади.

Футболчиларимиз ёзги Олимпия ўйинларининг гуруҳ босқичи доирасида 24 июль куни Испания, 27 июлда Миср ва 30 июль куни Доминикан Республикаси вакилларига қарши саф тортади. Ҳар бир гуруҳдан дастлабки икки ўринни эгаллаган терма жамоалар плей-офф босқичида совринли ўринлар учун курашни давом эттиради. 

Ана холос: Ҳусанов битта ўйин ўйнайди-ю кетади!

Бразилиялик футболчи Файзуллаевнинг имкониятларига баҳо берди!

“Афсуски, Файзуллаев кетяпти!”

Файзуллаевни “Ювентус”га тавсия қилишди

Ўзи нима бўлганди? Файзуллаевнинг ўзи “Вильярреал” масаласига ойдинлик киритди!

Абдулқодир Ҳусановни Парижда кутишяпти

Шомуродовга иккита янги даъвогар пайдо бўлди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!