Бразилиялик футболчи Файзуллаевнинг имкониятларига баҳо берди!

Кейинги пайтда Россия Премьер-лигасида порлаётган қайси футболчилар Европанинг кучли лигаларида ўйнаб кета олиши масаласи кўп кўтариладиган бўлиб қолди. 

Яқин келажакда “кўҳна қитъа”га йўл олиши кутилаётган чарм тўп усталари орасида ЦСКАдаги легионеримиз Аббосбек Файзуллаевнинг ҳам номи келтирилмоқда. Сўнгги ярим йил ичида 20 ёшли футболчимизга Германиянинг “Бавария”, Италиянинг “Парма” ва Испаниянинг “Вильярреал” каби клубларидан қизиқиш бўлаётгани ҳақида маълумотлар тарқатиляпти.

ЦСКАнинг бразилиялик ҳимоячиси Виллиан Роша жамоадошлари – Аббосбек Файзуллаев ва Фёдор Чаловга Европанинг кучли лигаларидан қизиқиш бўлаётганига муносабат билдирди.

- Аббосбек Файзуллаев ва Фёдор Чалов Европанинг топ-клубларида ўйнаб кета оладими? ЦСКАнинг барча футболчиларида Европада ўйнаш учун етарли даражада салоҳият бор. Чунки ЦСКАда ўйнаш учун етарли даражада маҳоратга эга футболчи бўлиш керак.

Агар сен бу жамоада ўйнаётган бўлсанг, демак сифатли ўйинчиса ва шу боис, Европа ёки бошқа чемпионатларда фаолият юритиш учун ўйинингни хотиржам ривожлантириб боришинг мумкин, - деди Виллиан Роша.

29 ёшли Виллиан Роша Бразилиянинг машҳур клублари – “Фламенго” ва “Гремио” тарбияланувчиси ҳисобланади. Марказий ҳимоячи Европага 2017 йили кўчиб келиб, беш йил Португалиядан фаолият юритган.

ЦСКА 2022 йилнинг кузида жисмонан бақувват ҳимоячини 2 миллион еврога трансфер қилган эди. Шундан буён марказий ҳимоячи Премьер-лигада 46 та ўйинда олтита гол ва иккита ассист қайд этди. Россия кубогида 21 та учрашувда битта гол ва бир жуфт ассист муаллифи бўлди.

Бугунги кунда Виллиан Роша Россия чемпионатининг энг кучли марказий ҳимоячиларидан бири сифатида тан олинмоқда.

Аббосбек Файзуллаев эса, ЦСКАга Рошадан бир йил кейин келган. “Пахтакор” тарбияланувчиси Тошкент жамоаси сафида 2021-2023 йиллар давомида жами 41 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасига ўнта тўп киритган ва жамоадошларига учта голли пас узатган.

2023 йилнинг августида 500 минг евро эвазига ЦСКАга кўчиб ўтган Аббосбек Файзуллаев қисқа фурсатда ЦСКАнинг етакчи ўйинчисига айланди. Якунланган мавсумда ЦСКАнинг аксарият ҳужумлари айнан 20 ёшли футболчимиз иштирокида ташкил этилди.

Легионеримиз Россиядаги дебют мавсумида жами 32 та учрашувда майдонга тушди. Аббос ўз ҳисобига бешта гол ва 14 та ассист расмийлаштирди.

Файзуллаевнинг ҳужум чизиғидаги шериги Фёдор Чалов эса. ЦСКА тарбияланувчиси ҳисобланади. 26 ёшли марказий ҳужумчи  “армиячилар” сафида 261 та учрашувда  89 та гол ва 44 та ассист муаллифи бўлган.

Чалов 2022 йили бир мавсум Швейцариянинг “Базель” клубида ўйнаб келди. 14 та учрашувда тўртта гол урган ҳужумчининг Европага биринчи юриши муваффақият келтирмади. Бироқ шунга қарамай, бугунги кунда Чаловга ҳам Европанинг бир неча клубларидан қизиқиш бўлаётгани айтилмоқда.

Харидор Шомуродовни олиш бўйича аниқ режа тузиб қўйди

ЦСКА Файзуллаевнинг кетишига рухсат берадими?
Файзуллаев қўлдан чиқяпти ёхуд Аббосбек ва “Вильярреал” масаласига Италиядан қандай муносабат бўлди?

Ўзбек футболчилари Европа Чемпионлар лигасида порлаши кутиляпти...

“Реал”га гол урган Яхшибоевни Европа майдонларида кутишяпти

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!