
Ҳусанов Холандни ортда қолдириб, катта рекорд ўрнатди!
Абдуқодир Ҳусановни Англия футбол жамоатчилиги эътироф эта бошлади. Франция чемпионатида иштирок этаётган “Ланс”ни тарк этиб, Манчестерга келганига энди олти ҳафта бўлган 21 ёшли футболчимиз биринчи индивидуал совринини қўлга киритди.
Қисқа фурсатда Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги ва Европа Чемпионлар лигасидаги дебютини нишонлашга улгурган Абдуқодир Ҳусановнинг номзоди “Манчестер Сити”нинг февраль ойидаги энг яхши ўйинчиси совринига қўйилди.
Клуб томонидан ташкил қилинган сўровномада бу номинация бўйича легионеримиз жамоа юлдузлари Эрлинг Холанд ва Йошко Гвардиол билан рақобат олиб борди.
Ҳусанов клуб спорт директори Чики Бегиристайн январь ойида катта сумма сарфлаб, трансфер қилган тўрт ўйинчидан бири эди. Клуб раҳбарияти жамоа Англия Премьер-лигасида кучли тўртликдан жой олиб, келаси мавсум Европа Чемпионлар лигасида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлиш учун қишда таркибни кучайтиришга қўл урди.
Ана трансфер кампанияси доирасида клубга келган Абдуқодир Ҳусанов “Челси” қарши ўтган дебют учрашувининг дастлабки беш дақиқасида юз берган кўнгилсизликларга қарамай, ўша беллашувнинг қолган қисми ва кейинги баҳсларда “Манчестер Сити” нега катта маблағ сарфлаб, айнан уни харид қилганини кўрсата олди.
Ўйинни ўқий олиш қобилияти, ҳимояланиш маҳорати, узоқ масофаларга аниқ тўп узата олиш кўникмаси ва юқори темпни ушлай олиши билан Ҳусанов ўзи иштирок этган тўқнашувларда рақибларидан устунлик қилди.
“Манчестер Сити”ни Англия кубоги доирасида “Лейтон Ориент” билан беллашувда айнан ўзбек ҳимоячисининг голи жамоани яна курашга қайтаргани билан аҳамиятли бўлди.
Кейин Абдуқодир Премьер-лига доирасида “Ньюкасл Юнайтед”, “Ливерпуль” ва “Тоттенхэм Хотспур” каби клубларга қарши юқори даражада ўйнади. Европа Чемпионлар лигаси доирасида Мадридда “Реал”га қарши беллашувда ҳимоянинг ўнг қанотида ўйнаб, мезбонлар юлдузи Винисиус Жуниорга умуман ўйин бермади ва унинг ҳаракатларини чеклаб қўйди.
Абдуқодирнинг ана шундай ўйинлари унга ойнинг энг яхши футболчиси номинацияда жамоа тўпурари Эрлинг Холанд ва ҳимоя чизиғи етакчиси Йошко Гвардиол билан рақобатлашиш имконини яратди.
- Эътиборли жиҳати шундаки, Ҳусанов сўровномада ғолиб чиқиш билан бирга катта рекорд ўрнатди. “Манчестер Сити” 21 ёшли футболчи “Ой ўйинчиси”ни аниқлаш учун ўтказилаётган сўровномалар тарихида энг кўп овоз билан ғолиб чиққанини тасдиқлади, - деб ёзмоқда cityxtra.co.uk портали эксперти Фредди Пай.
Маълумотларга қараганда, бир неча кун давом этган сўровномада Абдуқодир Ҳусанов 64 мингдан зиёд овоз тўплаган.
Хосеп Гвардиола февраль ойи давомида бир неча муҳим ва мураккаб учрашувда иштирок этган Абдуқодир Ҳусановга Англия кубогининг бешинчи босқичида “Плимут”га қарши ўтган беллашувда дам беришга қарор қилган эди.
Энди “шаҳарликлар”ни 8 март куни жуда қийин баҳс кутиб турибди. “Манчестер Сити” шу куни ўзидан бир очко кўп жамғарган ҳолда, мусобақа жадвалида бир поғона юқорида жойлашган “Ноттингем Форест” меҳмони бўлади. Бўлажак учрашувда Абдуқодир Ҳусанов яна бошланғич таркибда майдонга тушиши кутилмоқда.
Комментарии