Ҳусановга йўқ жойдан имконият пайдо бўлди
Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари Абдуқодир Ҳусанов туфайли “Манчестер Сити”га мухлислик қилаётганини инобатга олиб, sports.uz портали “шаҳарликлар”га оид маълумотлар ва хабарларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов кейинги пайтда яна “Манчестер Сити” захирасида қолиб келмоқда.
Мавсум бошидаёқ ҳимоя марказидаги ўрнини ўнг қанотга алмаштирган ҳамюртимиз жуда яхши ўйин кўрсатиб келаётган эди. Бироқ кузда икки маротаба шикастлангани ва иккинчи жароҳатни даволатиш кутилганидан узоқ давом этганидан кейин 21 ёшли легионеримиз асосий таркибдаги жойини йўқотди.
Хосеп Гвардиола ўнг қанот ҳимоясини Матеуш Нуньешга ишониб топширмоқда. Гарчи португалиялик футболчи айрим учрашувларда голларга сабаб бўладиган хатоларга йўл қўйган бўлса ҳам, мураббийлар штабининг қарори ўзгаришсиз қолмоқда.
Ҳимоя марказида эса, Рубен Диаш ва Йошко Гвардиол тандеми бехато, ҳатто самарали ўйнаяпти. Бу позицияга яна бир номзод Жон Стоунз ҳисобланади. Хосеп Гвардиола Англия терма жамоасининг 31 ёшли ўйинчиси яна жароҳат олганини хабар қилди.
- Жон Стоунз яна жароҳат олди. Унинг қанча муддатга сафдан чиққани ҳозирча номаълум ва қўшимча тиббий кўрикдан кейин аниқланади, - деди бош мураббий.
Таъкидлаш жоизки, Жон Стоунз учун бу жорий мавсумдаги илк жароҳат эмас. Бу ўйинчи ҳам бир неча бор даволанишга мажбур бўлди. Гарчи этика нуқтаи назаридан у қадар тўғри келмаса-да, Стоунзнинг сафдан чиққани Абдуқодир Ҳусановни асосий таркибга яқинлаштиради.
Ўзбек футболчиси ўнг қанотда ишончли ўйнай олади. Бироқ унинг асосий позицияси ҳимоя марказида. Абдуқодир исталган вазиятда ва зарур пайтда Йошко Гвардиол ёки Рубен Диаш ўрнини босиши мумкин. Бундан ташқари, ҳимояга тезкорлик керак бўлганда Хосеп Гвардиола ўнг қанотда ҳам Ҳусановнинг устун жиҳатларидан фойдаланиши мумкин.
Гвардиола айрим футболчилар нега кам ўйнаётганига изоҳ берди
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоанинг мисрлик ҳужумчиси Умар Мармуш ҳақидаги саволга жавоб берди. Сўнгги вақтларда иқтидорли футболчи асосан захирадан майдонга тушмоқда.
- Умар – энг яхши футболчиларимиздан бири. Гап шундаки, мен уни марказий ҳужумчи сифатида кўраман ва бу позицияда эса, Эрлинг Холанд ўйнаяпти.
Шу сабаб, Мармуш ўз лойиқ ва муносиб бўлган вақтдан камроқ ўйин амалиётига эга бўляпти, - деди Хосеп Гвардиола ўз қарорларини изоҳлаб.
Умар Мармуш 2026 йилнинг январида Абдуқодир Ҳусанов, Витор Рейс ва Нико Гонсалес билан бирга жамоага олиб келинган тўрт футболчидан бири ҳисобланади.
26 ёшли форвард жорий мавсумда “шаҳарликлар” сафида барча турнирларда 13 та ўйинда иштирок этган. Мармуш фақат тўртта учрашувда бошланғич таркибда майдонга тушди.
Трансфер суммаси 75 миллион еврони ташкил қилаётган Умар Мармуш бу мавсум рақиблар дарвозасига фақат битта тўп киритди холос.
Мбаппенинг бармоғи синди, у “Сити”га қарши ўйнайдими?
“Манчестер Сити” жамоаси Европа Чемпионлар лигаси умумий босқич олтинчи тури доирасида “Сантьяго Бернабеу” стадионида “Реал”га қарши муҳим учрашувни ўтказиши керак.
10 декабрь белгиланган бу баҳс олдидан рақиб жамоа устози Хаби Алонсо кадрлар муаммосига дуч келди.
Испания чемпионатининг 15-турида мадридликлар ўз мухлислари кўз ўнгида ўртамиёна “Сельта”га 0:2 ҳисобида ютқазганидан ташқари, айрим ўйинчилари шикастлангани ҳам қўшимча муаммо бўлди.
Хусусан, етакчи ҳимоячи Эдер Милитао жиддий шикастланди ва узоқ муддатга сафдан чиққани айтилмоқда. Жуд Беллингемнинг қовоғи ёрилди.
Энди маълум бўлишича ўша учрашувда “Реал” етакчиси ва тўпурари Килиан Мбаппе ҳам жароҳат олган. Бироқ ўйинни охирига етказиб қўйган. Текширувда аниқланишича, франциялик форварднинг чап қўл бармоғи синган.
Шунга қарамай, мутахассислар Килиан Мбаппе “Манчестер Сити”га қарши муҳим учрашувда майдонга тушиш имконига эга эканини таъкидлашмоқда.
Мбаппе бу мавсум клуб ва терма жамоа сафида 25 ўйинда 30 гол ва 7 ассист қайд этган.



Фикрлар