Шомуродовнинг сенсацион серияси тўхтади, рақобатчилар жим...

  • 8 декабрь, 09:12
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Туркия Суперлигасининг 15-турида энг кескин ва муросасиз курашлардан бири “Истанбул Башакшеҳир” ва “Фенербаҳче” ўртасидаги учрашувда кузатилди.

Tecno

Мамлакатнинг гранд клублари сирасига кирувчи “Фенербаҳче” катта шаҳар дербисидан одатдагидек уч очко олиб кетиш учун майдонга тушган эди. Таркибида Жон Дуран, Милан Шкриньяр, Эдерсон, Нелсон Семеду, Фред, Талиска, Юссуф Эн-Несири, Марко Асенсио каби юлдузларни жамлаган жамоа мезбонларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келди.

Гарчи Милан Шкриньяр 64-дақиқада ҳисобни очган бўлса-да, “Башакшеҳир” иккинчи бўлимда Аббосбек Файзуллаевнинг ўрнига майдонга тушган Бертуг Ўзгюрнинг голи эвазига ҳисобни тенглаштирди.

Учрашув 1:1 ҳисобида дуранг натижа билан якунланди. Элдор Шомуродов рақиб дарвозасига йўл тополмаган ўйинда “Башакшеҳир” ғалаба қозона олмади.

Шу тариқа, Суперлига “Олтин бутса”си учун курашаётган ўзбек тўпурарининг голли серияси олтинчи учрашувда тўхтади.

Маълумки, Элдор Шомуродов жорий мавсумда ўнта гол билан тўпурарлар пойгасида иккинчи ўринда бормоқда. Бу гал ҳамюртимиз ўз ҳисобига гол ёздириб қўёлмади. Қувонарли томони, “Олтин бутса” учун курашаётган асосий рақобатчилар ҳам бу турда ўзини кўрсатолмади.

Хусусан, рейтингда 11 та гол билан биринчи ўринни эгаллаб турган нигериялик форвард Пол Онуачу “Трабзонспор” сафарда “Гёзтепе”ни 2:1 ҳисобида ютган ўйинда гол уролмади ва унинг статистикаси ҳам ўзгаришсиз қолди.

Адолат юзасидан шуни айтиш керакки, Пол Онуачу жами голларидан тўрттасини пенальтидан киритган. Ўйиндан гол уриш бўйича Элдор ундан яхшироқ натижа қайд этмоқда. 30 ёшли ҳужумчимиз ўйиндан тўққизта гол урган бўлса, бир марта пенальтини голга айлантирган.

Тўпурарлар пойгасида Пол Онуачу ва Элдор Шомуродовни таъқиб қилиб келаётган ва ҳозиргача еттитадан тўп киритган икки қудратли клубнинг машҳур ҳужумчилари – Мауро Икарди (“Галатасарой”) ва Юссуф Эн-Несири (“Фенербаҳче”) ҳам бу турда майдонни қуруқ тарк этди.

Фақатгина “Коньяспор” ҳужумчиси Умут Найир “Ризеспор” дарвозасига битта тўп киритиб, жамоасига дуранг тақдим этиш баробарида голлари сони бўйича Икарди ва Эн-Несирига етиб олди.

Туркия чемпионатида тўпурарлар пойгасида кураш авжига чиқиши кутиляпти. Суперлига кашфиётига айланган Элдор Шомуродов бугунга қадар “Бешиктош”, “Аланьяспор”, “Коньяспор”, “Галатасарой”, “Кожаэлиспор”, “Генчлербирлиги”. “Трабзонспор”, “Касимпаша” дарвозаларига биттадан тўп киритган бўлса, “Антальяспор” жамоаси дарвозасини икки бор ишғол қилган.

Энди “Истанбул Башакшеҳир” Туркия чемпионатидаги навбатдаги учрашувини 14 декабрь куни сафарда “Самсунспор”га қарши ўтказади. Элдор Шомуродов бўлажак учрашувдан яна гол уришни бошлашига умид қиламиз.

Ўзбекистон мундиалда қаттиқ жанг қилади, лекин..

Ҳусанов “ЖЧ-2026”ни бошламай туриб рекорд ўрнатди!

Ўзбекистон улкан ҳурматга лойиқ! Португалия устози Мартинес яна нималар деди?

Шомуродов ва Файзуллаев мураббий истеъфосига “сабабчи” бўлди

Бу хатодан кейин Гвардиола Ҳусановни асосий таркибга қайтариши шарт

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!