
Ҳусановни сўраётган клублар бор, лекин...
Абдуқодир Ҳусановнинг келажаги кўпчиликни қизиқтирмоқда. Бошланаётган мавсум Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳар бир ўйинчиси каби 21 ёшли марказий ҳимоячимиз учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Хўш, АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатига уланиб кетадиган мавсумда “Манчестер Сити” ўзбек футболчисига ўйин амалиёти берадими? Ёки Ҳусанов бошқа клубга ижарага ўтгани маъқулми?
Бу масалани Англия футболини ёритаётган манбалар ҳам муҳокама қилмоқда. Sports.uz портали ана шундай таҳлиллардан бирини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.
Олдинга ўтиб айтиш жоизки, “Манчестер Сити” ўзбек футболчисининг келажаги бўйича якуний қарорга келиб бўлган. Ҳусановни ижарага бериш масаласи муҳокама қилинганига қарамай, Хосеп Гвардиола уни янги мавсум учун жамоада қолдирди.
“Шаҳарликлар” ёш ўйинчининг салоҳиятини ҳисобга олиб, яқин келажакда асосий таркибнинг муқим ва муҳим аъзосига айланишига ишонч билдиряпти. Ўтган мавсум унга кам имконият берилган бўлса-да, Хосеп Гвардиола ва унинг қўл остидаги мураббийлар ўзбек легионери ўзи майдонга тушган учрашувларда намойиш қилган жисмоний кўрсаткичлари ва техник характеристикасини юқори баҳолади.
ESTEEMEDKOMPANY.COM порталининг ёзишича, “Манчестер Сити” янги мавсумда Ҳусановдан ротация ўйинчиси сифатида фойдаланиб, унга миллий кубок турнирлари ва Англия Премьер-лигасининг айрим учрашувларида ўйин амалиёти тақдим қилишни режалаштирмоқда.
Бундай ёндашув клуб Ҳусановнинг салоҳиятига суяниши ва уни жамоа ичидаги жиддий рақобат фонида ривожлантириш, миллий ва Европа миқёсидаги турнирларга тайёрлаб боришидан далолат беради.
Гарчи айрим оммавий ахборот воситаларида жамоа ҳимоя чизиғида жиддий ўзгаришлар қилиниши ва бунинг ортидан Абдуқодир ижарага кетиши мумкинлиги айтилган бўлса ҳам, клубнинг ҳозирги позицияси мураббийлар ҳозирдан Ҳусановга ишонч билдиришини кўрсатди.
“Манчестер Сити”га юқори салоҳиятли ёш ўйинчи сифатида олиб келинган Абдуқодир Ҳусанов ўтган мавсумда бир неча ажойиб ўйинлар ўтказди ва унга нисбатан клуб раҳбариятида ишонч пайдо бўлди.
Хосеп Гвардиола ҳимоя марказини қайта ташкил қилади. Бу жараёнда айрим ўйинчилар жойини йўқотади. Витор Рейс тажриба ошириш учун “Жирона”га ижарага берилиши айтиляпти. Мануэль Аканжи ва Дон Стоунзнинг келажаги ҳамон мавҳум бўлиб турибди.
Нуфузли манба – Manchester Evening News нашри ҳам Абдуқодир Ҳусановга бошқа клублардан қизиқиш ортиб бораётгани, бироқ “Манчестер Сити” ўзбекистонлик ҳимоячини жамоада олиб қолишини тасдиқлади.
Шундай бўлса-да, Ҳусановнинг келажаги фақат ўзининг қўлида. Кўп нарса ҳимоячи мавсум давомида машғулотларда қандай ишлаши, учрашувларда ўзига берилган имкониятдан қай даражада фойдаланишига боғлиқ.
Клуб Ҳусановнинг жамоада янада муҳим вазифаларни ўз зиммасига олиш йўлидаги тайёргарлигини кузатиб боради ва шу билан бирга унинг юқори даражадаги ижрочига айлантиришга ҳаракат қилади.
Эслатиб ўтамиз, “Манчестер Сити” Англия Премьер-лигасининг биринчи тур учрашувини 16 август куни сафарда “Вурверхэмптон”га қарши ўтказади.
“Манчестер Сити” Ҳусановни танлади
Ҳусанов, дўстингни табриклаб қўй!
Ҳаммаси тугади! Ҳусановнинг устозидан нохуш хабар
Файзуллаев нега Еврокубокларда ўйнамаяпти?
Гвардиола Ҳусанов “ғажиб ташлаган” юлдузни олиб келмоқчи
Фикрлар