
Ҳусановни захирага “михлаган” ўйинчи хушхабар олди!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдқодир Ҳусанов туфайли ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг аксарияти “Манчестер Сити”га мухлислик қилмоқда.
Sports.uz портали бу омилни ҳисобга олиб, ҳамюртларимиз эътиборига Хосеп Гвардиола жамоасига тегишли маълумотларни бериб боришни давом эттиради.
Марҳамат янги хабарлар билан танишинг.
Ҳусанов жамоасига “Реал”дан суперюлдуз келади
“Реал” раҳбарияти жорий мавсум якунланганидан кейин “Манчестер Сити” анчадан бери қизиқиш билдириб келаётган ҳужумкор футболчи Родриго Гоэсни сотиб юборишга қарор қилди.
Сўнгги икки мавсумда жамоа сафига Жуд Беллингем ва Килиан Мбаппе каби маҳоратли ўйинчилар қўшилганидан кейин Родриго иккинчи планга ўтиб қолди. Айни пайтда кўпчилик мадридликларнинг ҳужум чизиғини Мбаппе, Беллингем ва Винисиус Жуниорсиз тасаввур қила олмайди.
Relevo нашри тарқатган маълумотга кўра, “Қироллик клуби” Родриго трансфери бўйича 100 миллион евродан бошланган таклифларни кўриб чиқишша тайёр.
“Шаҳарликлар” 24 ёшли универсал ҳужумчини қўлга киритиш учун “Арсенал” билан рақобатлашишига тўғри келади.
Родриго айни пайтда Карло Анчелотти ўрнига тайинланиши режалаштирилаётган Хаби Алонсонинг келишини кутмоқда. Агар янги мураббий ҳам унга асосий таркибдан жой кафолатламаса, жамоасини ўзгартиришга мажбур бўлади.
Кевин де Брюйне жароҳат олишдан қўрқяпти
“Манчестер Сити”даги сўнгги мавсумини ўтказаётган Кевин де Брюйне ФИФА томонидан янги форматда ташкил этилган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этишни истамаяпти.
Бу турнир 15 июндан 13 июлга қадар АҚШ майдонларида бўлиб зтади.
Таниқли журналист Жереми Кросснинг маълум қилишича, 33 ёшли плеймейкер ёзда ўзига янги жамоа топишни режалаштирган ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кутилмаган жароҳатларга йўлиқмаслик учун ҳам “шаҳарликар”га ёрдам бермоқчи эмас.
Англия Премьер-лигасининг сўнгги турида 25 май куни “Фулхэм”га қарши ўтказиладиган баҳс Кевин де Брюйненинг “Манчестер Сити” сафидаги охирги ўйини бўлиши кутилмоқда.
Машҳур плеймейкернинг ўзи ҳали бу масалани клуб билан охиригача муҳокама қилмаганини айтди.
- Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати масаласини ҳали клуб билан тўлиқ муҳокама қилганим йўқ. Шу боис, ҳозирдан аниқ малъумот айтолмайман. Клуб муҳокамага чақирса, гаплашиб кўришга тайёрман, лекин иш бунақа бўлишига ишончим комил эмас, - деди Кевин де Брюйне.
Ҳусановни “синдирган” ўйинчи хушхабар олди
“Манчестер Сити” раҳбарияти ёш истеъдод соҳиби Нико О’Райли билан тез кунларда янги шартнома тузиш бўйича бир қарорга келди.
20 ёшли футболчи 30 март куни Англия кубоги доирасида “Борнмут”га қарши учрашувнинг иккинчи бўлимида Абдуқодир Ҳусанов ўрнига майдонга тушган ва баҳс давомида иккита голли пас узатиб, жамоасининг 2:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлаган эди.
Никонинг ишончли ўйинлари туфайли Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибдаги жойини йўқотди. Яқинда Хосеп Гвардиола ҳам ўзбек футболчисининг майдонга туширилмаётганини таркибда ундан яхши ўйнаётган ижрочилар борлиги билан изоҳлади.
Эътиборли жиҳати шундаки, Гвардиола Ҳусанов “Борнмут”га қарши ўйиннинг 37-дақиқасида сариқ карточка олгани учун уни танаффусда захирага олиб, ўрнига Нико О’Райлини туширишга қарор қилганди. Нико ана шу вазиятдан жуда унумли фойдаланиб қолди.
Асли ярим ҳимоячи бўлган Нико тўлиқ чап қанотни эгаллади. Чап қанот ҳимоясида ўйнаб келган Йошко Гвардиол ҳимоя марказига – Абдуқодир Ҳусановнинг ўрнига ўтди. Легионеримиз эса, бир ойдан бери майдонда кўриниш бергани йўқ.
Нико О’Райли жорий мавсум Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги ва УЕФА Чемпионлар лигасида 17 та ўйинда қатнашиб, бешта гол ва иккита ассист қайд этди. Бу кўрсаткичлар клуб хўжайинлари томонидан эътиборсиз қолмади.
“Манчестер Сити” Никонинг 2028 йилнинг ярмигача тузилган шартномасини яна икки йилга узайтирадиган бўлди. Табиийки, футболчининг маоши миқорида ҳам катта ўзгариш бўлади.
Ҳусановни захирага “михлаган” ўйинчи хушхабар олди!
Фикрлар