Ҳусановнинг 11 та гол бўлган учрашувдаги ўйини қандай баҳоланди?

CHERY AUTO

“Манчестер Сити” футболчилари Англия кубогининг 1/32 финалида қуйи лига вакили “Эксетер Сити” жамоасини қабул қилиб, рақиб устидан 10:1 ҳисобида зафар қучди.

Tecno

Абдуқодир Ҳусанов мухлислар 11 та голнинг гувоҳи бўлган учрашувда “шаҳарликлар” таркибида тўлиқ ўйнаган олти футболчидан бирига айланди.

21 ёшли футболчимиз учрашувда ҳисобни очган Макс Аллейнга тўпни етказиб берди. Родри иккинчи тўпни киритган ҳужум ҳам Ҳусанов орқали бошланди.

Умуман олганда, жамоалар ўртасидаги фарқ яққол сезилди ва бу ҳисобда ҳам ўз аксини топди.

Нуфузли манба – esteemedkompany.com сайти экспертлари учрашувда “Манчестер Сити” футболчиларининг ҳаракатларини қуйидагича баҳолади.

Жеймс Траффорд — 7/10

Ўйин бошида бир яхши сейвни амалга ошириб, “Эксетер Сити”нинг кутилмаган гол уришига йўл қўймади. Бутун ўйин давомида ишончли ҳаракат қилди, ўйин охирида  Жорж Берчнинг фантастик зарбаси олдида эса ожиз қолди.

Рико Льюис — 9,5/10

Иккита гол урди ва ундан кутилган барча вазифаларни аъло даражада бажарди. Ҳужумни якунлашдаги ҳаракатлари жуда юқори даражада бўлди ва бу унга катта фойда келтиради.

Абдуқодир Ҳусанов — 7,5/10

Ҳусанов ҳамма кўникиб қолган ўзига хос ўйинини яна бир бор намойиш қилиб берди. Бир неча бор рақибларидан тўпни муваффақиятли тортиб олди, кўп ҳаракат қилди, ҳужумлар ташкил қилишга уринди. Умуман олганда, Абдуқодирнинг ўйини ҳаммада жуда яхши таассурот қолдирди.

Макс Аллейн — 8/10

Ёш ҳимоячи “Манчестер Сити” сафидаги илк голини уриб, ҳисобни очди. Тўп билан ишлаши кўпчиликка ёқди, унинг ҳаракатларида ва услубида Жон Стоунзга ўхшаш жиҳатлар бор.

Натан Аке — 6,5/10

Ўзи ҳам сезмаган ҳолда гол муаллифига айланди. Аке ҳужумларга яхши қўшилди, гарчи “Эксетер Сити” унинг орқа томонидан, чап ҳимоячи позициясида ҳужум қилишга уринган бўлса ҳам.

Родри — 7/10

Дастлабки йигирма дақиқа ишончсиз кўринди, кейин эса ўйинга киришиб кетди. Ажойиб гол урди ва майдонда бўлганида унинг етакчилик фазилатлари тўлиқ намоён бўлди.

Тижани Рейндерс — 8/10

Бутун ўйин давомида маҳорати яққол ажралиб турди. У “Эксетер Сити” жамоаси учун жуда кучли рақиб бўлди, иккинчи бўлимда урган голи эса унинг яхши ўйинининг чўққисига айланди.

Райан МакАйду — 9/10

“Манчестер Сити” сафидаги дебютидаёқ гол урди. Қанотдаги ҳаракатчанлиги ва дриблинги кўзга ташланди. 90 дақиқа жуда юқори савияда ўйнади.

Райан Шерки — 8,5/10

Голли узатма муаллифи бўлди, “10-рақам” позициясида ўйнаши унга жуда ярашди. Бутун ўйин давомида намоён бўлган етакчилик фазилатлари учун ҳам юқори баҳога лойиқ.

Антуан Семеньо — 9/10

Семеньонинг ажойиб дебюти. Гол урди, голли узатма берди, тўпсиз ҳаракатлари ҳам жуда юқори даражада бўлди. Олдинда уни яна кўп муҳим ўйинлар кутмоқда, аммо “Манчестер Сити” сафидаги илк чиқиши жуда таассуротли бўлди.

Эрлинг Холанд — 6/10

Биринчи бўлимда деярли нейтраллаштирилди, фақат бир вазиятдагина рақиб дарвозасига хавф солди. Танаффусда алмаштирилди.

Стивен Мфуни — 7,5/10

Иккинчи бўлимда майдонга тушиб, чап ҳимоячи позициясини эгаллади ва ўзини ишончли ҳис қилди. Унинг катта келажаги бор, асосий таркибда ҳам ўзини бегона сезмади.

Дивайн Мукаса — 6,5/10

Яхши ўйин кўрсатди ва “Манчестер Сити” сафида илк голли узатмасини амалга оширди. Ҳужумларда янада фаолроқ бўлиши керак, бу тажриба билан келади.

Нико О’Райли — 6,5/10

Гол урди — буни кўриш ёқимли бўлди.

Бернарду Силва — 6/10

Захирадан тушгач, ўйинни осонлик билан хотимага етказишга ҳисса қўшди.

Жереми Доку — 7,5/10

Семеньо алмаштирилгандан кейин фаол ҳаракат қилди ва ҳозир тўлиқ соғайгандек кўринди.

 

Машҳур юлдузлар ҳам Шомуродов кўрсаткичларига яқинлаша олмаяпти

Ҳусановга қарши тузилган режа иш бермади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!