Машҳур юлдузлар ҳам Шомуродов кўрсаткичларига яқинлаша олмаяпти
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинчилари – Элдор Шомуродов, Аббосбек Файзуллаев ва Ҳусниддин Алиқулов иштирок этаётган Туркия Суперлигасида биринчи давра якунланиб, чемпионатда қишки танаффус эълон қилган.
Бу фурсатдан фойдаланиб, футбол экспертлари, тадқиқот ва статистика марказлари биринчи давра якунлари бўйича таҳлиллар натижалари футбол жамоатчилиги эътиборига ҳавол этмоқда.
Sports.uz портали статистик маълумотларга ихтисослашган OPTA тадқиқот марказининг Туркия Суперлигаси таҳлили бўйича муҳим маълумотларини ўқувчилар билан баҳам кўришни лозим топди.
Ушбу марказнинг айрим таҳлилларида Элдор Шомуродовнинг кўрсаткичлари юқорилиги билан ажралиб турибди.
Шомуродов қуйидаги кўрсаткичлар бўйича Туркия Суперлигасида энг юқори натижа билан биринчи ўринда бормоқда:
Энг зўр тўпурар – Элдор Шомуродов “Башакшеҳир”даги дебют мавсумида 17 та учрашувда рақиблар дарвозасини 12 маротаба ишғол қилиб, тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилмоқда.
Тўпурарлар пойгасида ўзбек ҳужумчисидан кейинги ўринларни Пол Онуачу (11 та гол, “Трабзонспор”), Мауро Икарди (9 та гол “Галатасарой”) ва Талиска (9 та гол “Фенербаҳче”) эгаллаб турибди.
Энг кўп самарали ҳаракатлар – OPTA тадқиқот маркази ҳисоб-китобига кўра, ўзбекистонлик форвард Суперлиганинг биринчи даврасида энг кўп самарали ҳужум ҳаракатларини амалга оширган футболчи бўлди. Бундай ҳаракатлар 19 тани ташкил қилди.
Шомуродов бу кўрсаткич бўйича “Фенербаҳче”нинг машҳур юлдузлари Марко Асенсио (18 та самарали ҳаракат) ва Талискани (17 та самарали ҳаракат) ортда қолдирди.
Энг кўп аниқ зарба – Элдор Шомуродов чемпионатнинг биринчи қисмида рақиблар дарвозасига энг кўп аниқ зарба йўллаган футболчи бўлди. 30 ёшли ҳужумчининг 27 та зарбаси дарвозага аниқ етиб борган. Шулардан 12 таси дарвоза тўридан жой олган бўлса, 15 тасини рақиб посбонлари қайтаришни уддалади.
Аниқ зарба бериш бўйича Элдордан кейинги ўринларда Пол Онуачу (25 та аниқ зарба), Талиска (21 та аниқ зарба) ва Виктор Осимхен (21 та аниқ зарба) бормоқда.
Мавсумни кўтаринки руҳда ўтказаётган легионеримиз яна бир кўрсаткич бўйича кучли учликдан жой олди. Элдор рақиб жарима майдончаси ичида тўпга энг кўп тегинган футболчилар рейтингида учинчи ўринда қайд этилган. У 17 та учрашув давомида рақиб дарвозаси яқинида тўпга 88 маротаба эгалик қилган. Бу кўрсаткич бўйича дастлабки икки поғонани Бариш Алпер Йилмаз (99 та тегиниш) ва Антони Мусаба (91 та тегиниш) эгаллаган. Шомуродов кейинги поғоналарда Виктор Осимхен ва Пол Онуачу бор.
Бундан ташқари, “Истанбул Башакшеҳир” жамоавий кўрсаткичлар бўйича бир неча йўналишлар бўйича кучли клублар қаторидан жой олди. Хусусан, тўпни энг кўп назорат қилган жамоалар рейтингида “Башакшеҳир” 55,4 фоиз натижа билан чемпионатнинг икки пешқадами – “Галатасарой” (61,9 фоиз) ва “Фенербаҳче” (59,2 фоиз) кейинги учинчи ўринга қўйилди.
Шунингдек, Шомуродов ва Файзуллаев жамоаси энг кўп аниқ пас узатган клублар ўртасида тўртинчи натижани кўрсатди. “Башакшеҳир”нинг 84,5 фоиз паслари манзилга аниқ етиб борган. Бу борада, “Галатасарой” (87,3 фоиз), “Фенербаҳче” (86,3 фоиз) ва “Трабзонспор” (85,1 фоиз) юқорида қаторларда турибди.



Фикрлар