Ҳусановнинг ассисти инобатга олинмади, Шомуродов ва Файзуллаев жамоаси мағлуб бўлди, Сергеев эса “Персеполис” сафида навбатдаги голини урди!
Бугунги кунда хориж чемпионатларида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчилар сони тобора ортиб бормоқда. Деярли ҳар ҳафта легионерларимиз гол ёки ассистлари билан мухлисларни хурсанд қилмоқда. Хўш, якунланган ҳафта улар учун қандай кечди?
Дастлаб, Англия томон йўл оламиз.
“Манчестер Сити”нинг асосий футболчиларидан бирига айланиб улгурган Абдуқодир Ҳусанов ҳафта ўрталарида Англия Премьер-лигасининг 26-тури доирасида “Фулхэм”га қарши баҳсда иштирок этди. Сўнгги ўйинларда кетма-кет асосий таркибда майдонга тушаётган ҳимоячи бу сафар учрашувни захирада бошлади.
Шунга қарамай, бош мураббий Пеп Гвардиола унинг хизматларига эҳтиёж сезди. Сабаби, иккинчи таймда “Сити” ўйини бироз сусайди ва рақибда қулай вазиятлар пайдо бўла бошлади. Шундан сўнг Гвардиола 60-дақиқада Матeуш Нуньеш ўрнига Абдуқодир Ҳусановни майдонга туширди. Ҳамюртимиз ҳимоянинг ўнг қанотида ҳаракат қилди.
Қарийб ярим соат давомида майдонда бўлган Ҳусанов ишончли ўйин намойиш этди ва жамоасининг 3:0 ҳисобидаги ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Учрашувдан сўнг Пеп Гвардиоланинг Ҳусанов ҳақидаги фикрлари ҳам эътиборни тортди.
— “Ҳусановнинг ўнг қанотдаги ҳаракатлари менга Кайл Уокернинг энг яхши даврларини эслатди”, — деди мутахассис.
Шундан сўнг “Манчестер Сити” ўтган шанба куни Англия Кубогининг 1/16 босқичи доирасида қуйи лига вакили “Салфорд”га қарши баҳс олиб борди. Учрашувда манчестерликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Абдуқодир эса бу баҳсда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди.
Мазкур учрашувда унинг аъло даражадаги узатмасидан сўнг Омар Мармуш гол киритган эди, бироқ офсайд сабабли гол бекор қилинди. Ҳусанов бу ўйинда ҳимоянинг марказида ҳаракат қилди ва айниқса узоқ масофага узатмалари билан ажралиб турди. Статистик маълумотларга кўра, у 3 та “лонг болл” амалга оширди ва уларнинг 2 таси аниқ манзилга етиб борди. Шунингдек, у “Салфорд”га қарши баҳсда жами 11 та ҳимоявий ҳаракатни амалга ошириб, ҳимоячилар орасида энг яхши кўрсаткични қайд этди.
Кўриб турганингиздек, Абдуқодир Ҳусанов ҳозирда жамоанинг муҳим футболчиларидан бири ҳисобланади.
Навбат Туркиядаги легионерларимизга:
“Истанбул Башакшехир” шарафини ҳимоя қилаётган Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев фаолиятига тўхталамиз. Клуб жорий мавсум олдидан таркибига бир қатор юқори савиядаги футболчиларни қўшиб олиб, чемпионатнинг юқори поғоналари учун кураш олиб бормоқда. Ёзда жамоага келиб қўшилган икки нафар ўзбекистонлик футболчи эса қисқа вақт ичида етакчиларга айланди.
Буни бош мураббий Нури Шахиннинг фикрлари ҳам тасдиқлайди. Мутахассис Шомуродов жамоа учун жуда муҳим футболчи эканини алоҳида таъкидлади:
— “Менингча, Шомуродов лигамиздаги энг ақлли ҳужумчилардан бири. Ҳозир у кўпроқ қанотларда ҳаракат қилмоқда ва жуда тўғри қарорлар қабул қиляпти. Биз ундан максимал фойда олишга интиляпмиз. Майдонда унга эркинлик ва лидерлик беряпмиз”.
Бироқ якунланган ҳафта “Башакшехир” учун омадсиз кечди. Жамоа ўз майдонида турнир жадвалида ёнма-ён бораётган “Бешиктош”ни қабул қилиб, 2:3 ҳисобида аламли мағлубиятга учради. Ушбу баҳсда Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев асосий таркибда майдонга тушди. Ҳар икки футболчи ҳам гол уришга жуда яқин келди, бироқ уларнинг зарбалари дарвоза тўсинига тегди ёки дарвозабон томонидан қайтарилди.
Маълумки, Элдор Шомуродов тўпурарлар пойгасида етакчилик учун кураш олиб бормоқда. “Бешиктош”га қарши баҳсда гол ура олмагач, у пешқадамликни Пол Онуачууга бой берди. Айни пайтда Онуачуу ҳисобида 16 та гол бўлса, Элдор 15 та гол билан иккинчи ўринда бормоқда. Ҳозирда “Башакшехир” 33 очко жамғариб, Туркия Суперлигаси турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди.
Энди Осиёдаги легионерларимиз фаолиятига тўхталамиз:
Эрон чемпионатида тўп сураётган легионерларимиз сони ҳозирда 5 нафарни ташкил этади. Қишки трансферлар ойнасида “Персеполис”га кўчиб ўтган Игор Сергеев янги жамоасида гўллар уришни бошлади. У “Гол Гоҳар” дарвозасига чиройли гол киритди, бироқ “Персеполис” мазкур баҳсда 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Ушбу ўйинда Остoн Ўрунов қайдномага киритилмади. Айни пайтда “Персеполис” 34 очко билан турнир жадвалида 5-ўринда бормоқда.
Шунингдек, Рустам Ашурматов ва Жалолиддин Машарипов ҳаракат қилаётган “Истиқлол”, Одил Ҳамробеков тўп сураётган “Трактор” клубларининг Элита Осиё Чемпионлар лигасидаги иштироки сабаб уларнинг Эрон чемпионати 21-тур учрашувлари қолдирилди.
БАА чемпионатида ҳам легионерларимиз навбатдаги тур баҳсларини ўтказди. “Ал-Батаеҳ” клуби Азиз Ғаниев асосий таркибда майдонга тушган ўйинда “Ал-Дафра” билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Ҳамюртимиз тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Отабек Шукуров ҳаракат қилаётган “Банияс” клуби эса ўз учрашувини 22 февраль куни ўтказади.
Шу тариқа, легионерларимиз яна бир ҳафта давомида турли чемпионатларда ўзларини намоён этишди.
Фикрлар