Ибрагимович 3 йилга футболдан четлатилиши мумкин!?
"Милан" клуби ва Швеция терма жамоаси ҳужумчиси Златан Ибрагимович футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолият туридан узоқ вақтга четлатилиши мумкин. Бунга ФИФА ва УЕФА томонидан белгиланган қоидаларнинг қўпол равишда бузилгани сабаб.
Гап шундаки, 39 ёшли швед 2018 йилдан бери Bethard букмекерлик идорасининг 10 фоиз улушига эга. У тўлиқ ўзига тегишли бўлган Unknown AB фирмаси орқали Bethard букмекерлик компаниясига бўлган ҳуқуқларга эгалик қилади.
ФИФА ва УЕФА қоидаларига кўра, агар футболчилар букмекерлик идораларида қизиқишлари бўлса, уларнинг шаъфелигида ўтказиладиган мусобақаларда иштирок эта олмайди. Златан эса, "Милан" сафида Европа лигасида ўйнаган ва Швеция терма жамоаси сафида “ЖЧ-2022” саралаш баҳсларида майдонга тушди ҳамда ушбу қоидани бузди.
Ўз навбатида, Bethard букмекерлик идораси Ибрагимович ҳали ҳам компаниянинг улушига эгалик қилишини тасдиқлади.
Айтиш лозимки, қоидаларнинг тегишли бандини бузганлиги учун футболчи 100 минг еврогача жаримага тортилади ва 3 йилгача футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилади.
Энг ёмони, Bethard Ибрагимович иштирок этган Швеция терма жамоасининг Грузия ва Косовога қарши ўйинларига гаровлар таклиф қилди. Бундан ташқари, ушбу букмекерлик компанияси мунтазам равишда А Серия ўйинларига ҳам гаровлар таклиф қилади.
Қайд этиш керакки, Швеция футбол федерацияси бу ҳақда бир неча йиллардан бери билади.
Ҳозирча ФИФА ва УЕФА вазиятга изоҳ беришдан бош тортмоқда.
Златан Ибрагимович “Мальмё” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У ўзининг илк профессионал шартномасини ҳам айнан мана шу жамоа билан тузган. У фаолияти давомида “Аякс”, “Ювентус”, “Интер”, “Барселона”, “Милан”, ПСЖ, “Манчестер Юнайтед”, “Лос-Анжелас Гэлакси” каби клубларда тўп сурган.
Ибрагимович Швеция терма жамоасида 2001 йилдан буён тўп суриб келмоқда. У 2016 йилда терма жамоадаги фаолиятини якунлагани ҳақида эълон қилди. Аммо 2021 йилга келиб, у яна терма жамоага қайтди. Златан Швеция термасида жами 118 та ўйинда майдонга тушган ва ушбу ўйинларда ўз ҳисобига 62 та гол ёздириб қўйган.
Умид қиламизки, яна бир неча йиллар ушбу афсонавий футболчини яшил майдондаги фантастик ҳаракатларининг гувоҳи бўламиз.
Фикрлар