Иброҳим Ғанихонов: "Шўртан" дарвозабони менга қўнғироқ қилди ва узр сўради"

Про лиганинг 4-туридаги воҳа дербисида “Машъал” Муборакда “Шўртан”ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратганидан хабарингиз бўлса керак. Лекин учрашувдаги асосий воқеа баҳс охирларида рўй берди.

“Машъал” “Шўртан” дарвозасига иккинчи голни урганидан кейин рақиб посбони Шерзод Абдураимов мезбон футболчиси Иброҳим Ғанихоновга “калла” қўйиши оқибатида унинг бурнини шикастлади. Натижада қизил карточка кўрсатилди ва майдонни тарк этди. Унинг ишини ЎФА тартиб-интизом қўмитаси кўриб чиқмоқда. Ғанихонов эса соғлиги ва ўша воқеа бўйича Sports.uz сайтига интервью берди.

-  Иброҳим, аввало ўйин ҳақида сўрамоқчиман. Воҳа дербиси қандай ўтди?

- Ўйин жуда яхши бўлди. Ҳар бир жамоани ўзига яраша қарама-қарши дербиси бўлади. Бизнинг дербидаги рақибимиз – “Шўртан” эди ва ўйин жиҳатидан устун келдик. Вазиятлардан фойдаландик ҳамда ғалабага эришдик.

- Ўйиндаги асосий воқеа сиз билан юз берди. Ўша гол урилган вазиятда дарвозабон сизга зарба берди. Ўша ҳолатда аслида нималар бўлди?

- Гол урилган вазиятдан кейин дарвоза ичида голни нишонладик. Дарвоазбонни олдида мен тургандим. У мени итарди. Кейин юзига қараганимдан кейин юзимга боши билан урди.

- Ҳозир ҳолатингиз қандай? Шифокорлар қандай ташхис қўйдилар?

- Ҳолатим яхши. Кичкина жароҳат, катта жароҳат эмас экан. Худо хоҳласа, кейинги учрашувгача қайтишга ҳаракат қиламан.

- Дарвозабон нега бундай қилди? Ёки сизга  зарба беришдан аввал кандайдир ўрталарингда гап-сўз ўтдими?

- Бу – футбол. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аслида ҳаммаси яхши эди. Орамизда ҳеч қанақа гап-сўз бўлмаганди.

- Дарвозабон сиздан узр сўрадими ёки...

- У менга қўнғироқ қилди ва узр сўради. Ўзи билан гаплашиб олдик, ҳаммаси жойида.

- Ўша ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда айланяпти. Сиз ҳам кўргандирсиз.  Видеони кўрганингизда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Ҳа, видеони кўрдим. Ўша вазиятдан кейин ҳам ўйинни давом эттирмоқчи эдим. Шифокорлар рухсат беришмагач, захирага олиндим.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!