Иброҳим Йўлдошев: "Навбаҳор"га қарши барча жамоалар ўзгача иштиёқда майдонга тушади"
Ўзбекистон Суперлигаси 4-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Сурхон” жамоалари ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг 24 ёшли маҳоратли ҳимоячиси Иброҳим Йўлдошев бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
"Суперлиганинг жорий мавсум баҳслари анча қизиқарли тарзда кечмоқда. Бўлиб ўтган беллашувлар бу йил осон ўйинлар бўлмаслигини исботламоқда. Бўлажак баҳс ҳам бундан мустасно бўлмайди, албатта.Умуман олганда, “Навбаҳор”га қарши барча жамоалар ўзгача иштиёқда майдонга тушади. Гарчи бу сафарги рақиб “Сурхон” турнир жадвалининг сўнгги поғонасидан жой олиб турган бўлсада, жамоамизга муносиб қаршилик кўрсатишга интилади, албатта.
Аввалги иккита ўйинда дуранг натижа қайд этиб, очко йўқотдик. Шу боис, бўлажак учрашувда зафар қучиб, мухлисларга қувонч улашишга ҳаракат қиламиз ҳамда буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.Ишқибозлардан эса жамоамизни бевосита стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишларини сўраб қоламан. “Навбаҳор” жорий мавсумда ўзи қатнашадиган барча мусобақаларда зафар қучишни мақсад қилган. Буни амалга ошириш учун биз – футболчилар қўлдан келганича ҳаракат қиламиз", - деди Йўлдошев.
Фикрлар