IBSA Жаҳон ўйинларида муваффақиятли қатнашган пара спортчиларимиз тантанали кутиб олинди
Жорий йилнинг 19-26 август кунлари Англиянинг Бирмингем шаҳрида заиф кўрувчи ва кўзи ожиз спортчилар ўртасида IBSA Жаҳон ўйинлари ниҳоясига етди.
Унда дунёнинг 50 яқин давлатлари қатори Ўзбекистон Паралимпия делегацияси пара шахмат ва пара дзюдо спорт турлари бўйича баҳсларда иштирок этди. Пара дзюдонинг яккалик беллашувларида 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза, жами 5 та медаль қўлга киритилди. Жумладан, Кемран Нуриллоев олтин, Феруз Сайидов ва Кумуш Хўжаева кумуш, Аловиддин Жўрақулов ҳамда Муниса Мадримова бронза медалига сазовор бўлди. Жамоавий беллашувларда эса аёлларимиз бронза, эркакларимиз кумуш медални делегациямиз ҳисобига ёздириб қўйишди.
Пара шахмат баҳсларида ҳам вакилларимиз муваффақиятли қатнашишди. Жумладан, яккалик дастурда ёш истеъдодли пара шахматчимиз Аҳадхон Кимсанбоев кумуш медалига эга чиққан бўлса, жамоавий беллашувларда Илҳом Ғуломов билан бирга бронза медалини ҳам қўлга киритди.
Шу тариқа терма жамоамиз IBSA Жаҳон ўйинларида умумжамоа ҳисобида 11-ўринни эгаллади.
Матонатли пара атлетларимиз бугун тонгда юртимизга қайтиб келишди. Уларни Тошкент халқаро аэропортида кенг Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раҳбарияти, Мудофаа вазирлиги Спорт маркази мутасаддилари, кенг спорт жамоатчилиги, оила аъзолари, мухлислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари тантанали кутиб олди.
Фикрлар