Игнатий Нестеровнинг фаолиятида ҳали бунақаси бўлмаган ёхуд унинг ожиз нуқтаси топилди...ми?

38 ёшли дарвозабон Игнатий Нестеров ўтган мавсумнинг иккинчи ярмидан бери “Қизилқум” шарафини ҳимоя қилиб келаётганини яхши биласиз. Тажрибали ва кўпни кўрган Нестеров навоийликларнинг биринчи рақамли дарвозабони ҳисобланади.

Жорий мавсумда у Суперлигада “Қизилқум” таркибида шу кунга қадар барча 14 та учрашувда майдонга тушди ва ўз дарвозасидан 11 та гол ўтказиб юборди. Шубҳасиз, навоийликларнинг турнир жадвалида 4-ўринда бораётганида унинг ҳам катта ҳиссаси бор. Аммо охирги иккита ўйинда Игнатий билан боғлиқ эътиборимизни тортадиган вазият юз берди.

нестеров8

1 август куни 13-тур доирасида Бекободда “Қизилқум” 1:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Мезбонлардан ягона гол 67-дақиқада Иброҳим Ибрагимов ҳисобига ёзилди. Қизиғи, у “Металлург”даги илк ўйинидаёқ Суперлигадаги дебют голини Нестеров дарвозасига урди. Қандай гол ургани ёдингиздами? Ёш футболчи бурчак зарбасини голга айлантира олгани билан ёдда қолди. Бу 20 ёшли Ибрагимов учун унутилмас гол, умрбод эслаб юрса керак.

нестеров

Нестеров учун бундай голни хазм қилиш қийин бўлса керак, деб турганимизда кейинги турда “Қизилқум” посбони яна бурчак зарбасидан гол ўтказиб юборганига нима дейсиз?! Ҳа, бу тасодиф, бироқ кимсан Нестеровдек таниқли посбон бирин-кетин бу тарзда ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юбориши кутилмаган вазият. Бу сафар Наманганда “Андижон”га қарши учрашувнинг 42-дақиқасида қозоғистонлик легионер Владислав Васильев бурчак тўпини шу даражада қойилмақом бажардики, унинг зарбаси тўғри дарвозанинг юқори чап бурчагига бориб тушди. Ойнинг энг чиройли голи учун асосий даъвогар бўлиб турибди. Тажрибали Нестеров эса “Андижон” футболчисининг зарбасини қайтаришга ожизлик қилди.

нестеров4

Қизиғи, “Андижон” легионери ҳам худди “Металлург” ўйинчиси Иброҳим Ибрагимов сингари Суперлигадаги илк голини урди ва урганда ҳам Нестеров дарвозасига ва яна бурчакдан! Игнатий фаолиятида биринчи марта кетма-кет иккита учрашувда бурчак стандартидан гол ўтказиб юборди. Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозасини ҳимоя қилган Игнатий қўриқлаётган дарвозага бирин-кетин иккита учрашувда бурчакдан гол уриш албатта кутилмаган ҳолат дейишимиз мумкин.

нестеров2

Ёки Нестеровнинг ожиз нуқтаси айнан ўша стандартдамикин? Ахир ўйин давомида унинг дарвозасини ишғол қилиш осон иш эмас. Бир неча бор унинг жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қолганига гувоҳ бўлдик ва тажрибасига асло шубҳа бўлиши мумкин эмас. Солиштириш учун айтамизки, чемпионатда ўз дарвозасидан кам гол ўтказиб юборган клублар орасида “Пахтакор” пешқадам. Бу жамоа дарвозасига бор-йўғи олтита гол урилган, иккинчи ўринда “Сўғдиёна” бўлиб, жиззахликлар ўз дарвозасидан 10 та тўп ўтказган. Бу борада “Қизилқум” кучли учликда. Айнан Нестеров 11 та тўп ўтказган ҳолда энг яхши кўрсатгичлар орасида учинчи ўринда. Бу эса унинг “Қизилқум”га қанчалик фойдаси тегаётганидан далолат.

нестеров5_1

Нестеров бу мавсумда ҳозирча ўз дарвозасидан бир ўйинда энг кўп – икки марта тўп олиб чиқди, холос. 5-турда Навоийда “Насаф” билан кечган баҳсда мезбонлар 1:2 ҳисобида мағлуб бўлганди. Бундан бошқа баҳсларда рақиблар Игнатий дарвозасига эплашса битта гол урмоқдалар, бўлмаса йўқ. У “Андижон”, “Қўқон-1912”, “Турон” ҳамда “Машъал” клублари билан бўлиб ўтган ўйинларда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олди.

нестеров3

Ўзингиз гувоҳи бўлиб турибсиз, Игнатий Нестеровнинг “Қизилқум”даги статистик кўрсаткичлари яхши. 38 ёшда бўлса-да, ҳамон яхши спорт формасини сақлаб турибди. Дарвозабон – ярим жамоа деб бежизга айтилмаслигини сиз ҳам яхши биласиз. Нестеровнинг ўз постидаги ишончли ўйини ўз ўрнида майдондаги жамоадошларига ҳам хотиржамлик ва ишонч бағишлаяпти. Илгари “Қизилқум”да вақти-вақти билан дарвозабонлар бўйича муаммолар кўзга ташланиб турарди. Ҳамиджон Актамов Игнатийни Навоийда тўп суришга кўндира олганидан кейин бу камчилик бартараф этилди. Унинг дарвозани ҳимоя қилиши жамоадошларига ишонч бағишлаб туради.

нестеров7

Одатда футболда бурчак зарбасини голга айлантириш жуда машаққатли иш ҳисобланади. Айниқса, бундай пайтда посбонлар ўз ўрнида жуда хушёр бўладилар. Нестеровнинг даражаси ва маҳоратини ҳисобга олганда, у қўриқлаётган дарвозага бурчакдан гол уришга гўёки кўпчилик ишонмагандек эди. Лекин ўта қийин вазиятларда жамоасини голлардан қутқарган дарвозабон кутилмаган ҳолатларда ўзининг ожиз нуқтасини кўрсатиб қўйгандек.

нестеров6

“Металлург” футболчисини бурчакдан гол урганини “Андижон” легионери ҳам кузатган шекилли, у ҳам бу борада омадини синаб кўрди ва чиройли гол урди. Айтиш мумкин бўлса, иккала киритилган голда футболчиларнинг зарбани ижро этиш маҳоратини ҳам алоҳида эътироф ўтиш ўринли бўларди. Бу эса Нестеров учун яхшигина огоҳлик қўнғироғи бўлди. Энди у стандарт вазиятларда ва айниқса бурчакдан тўп тепилаётганда янада хушёр бўлиши талаб қилинади. Юқоридаги футболчиларнинг ўша стандарт вазиятдан гол урганини бошқалар ҳам кўрдилар. Шу боис энди қолган ўйинчилар ҳам Нестеров дарвозасига яна бурчакдан гол уриш пайида бўлишса ажаб эмас. Аммо у ўтказиб юборган бу голларини унутмаса керак...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
sheraliyevasadbek1660@gmail.com
15/08/2021 22:26
Nestirif qosin qizilqumga bizga kerak nestirif