"Иккита шартнома таклиф қилинган, музокаралар пайтидаёқ мени табриклашни бошлагандилар". "Андижон"нинг янги легионери яна нималарни айтди?

“Андижон” янги мавсум учун легионерлар лимитидан тўлиқ фойдаланди. Энди жамоада 6 нафар хорижлик ўйинчи бор. Улардан бири тожикистонлик Ахтам Назаров бўлиб, уни ишқибозлар яхши танийдилар.

“Андижон”нинг Анталия йиғинида қўшилган ушбу тажрибали ҳимоячи Тожикистон миллий терма жамоаси сардори ва етакчиси. Узоқ вақт “Истиқлол” шарафини ҳимоя қилди.

Энди эса бор эътиборини “Андижон”га қаратади. Суперлиганинг янги легионери дастлабки таассуротлари билан ўртоқлашди ва яна қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Ахтам, қачондир Ўзбекистон чемпионатида тўп суришингиз ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

- Қачонлардир Ўзбекистон чемпионатида ўйнаш ҳақида ўйлаганманми? Ўз вақтида менга иккита шартнома таклиф қилинган. Бири “Бухоро”дан бўлиб, ўша пайтда клуб бош мураббийи Муҳсин Муҳаммадиев эди. У менга қўнғироқ қилиб жамоасида тўп суришимни таклиф қилганди. “Бухоро”га келишни истаганман. Аммо бошқа клуб билан шартнома имзолаганим боис бунинг имкони қолмаган. Шундан сўнг, хизматимга кўз тикаётган клублар борасида турли хил миш-мишлар қулоғимга чалинган. Лекин иш аниқ бир таклифгача етиб бормаган. Бу сафар эса менга тайинли таклиф билан чиқишди ва мен ўзим учун янги бўлган чемпионатга ташриф буюрдим.

ахтам

- Сиз бошқалар сингари клубини тез-тез алмаштириб турадиган футболчи эмассиз. “Истиқлол”да узоқ йил тўп сурдингиз. “Андижон”дачи?

- Ўзингиз таъкидлаб ўтганингиздек, узоқ вақт “Истиқлол”да тўп сурдим ва бу клубга, айниқса, жамоа президенти Шохруҳ Саидзодага ўз миннатдорлигимни билдириб қоламан. Чунки у ердагилар менга ишонч билан қарашди ҳамда ҳаммаси жуда яхши ўтди. Бу йил эса йўлларимиз айро тушди. “Андижон”да максимум даражада тўп суришни истайман. Шу билан бирга клуб олдига қўйилган вазифани бажаришга ҳиссамни қўшмоқчиман. Сизга фақат шуни айтишим мумкин. “Истиқлол”дагидек бу клубда ҳам узоқ ўйнай оламан дейишим қийин. Боз устига “Истиқлол”да ҳаммасини исботлаб берганман. “Андижон”да эса барчасини бир бошидан бошлашим ва исботлашимга тўғри келади. Бош мураббий ва клуб нимани истар экан, бажаришга ҳаракат қиламиз, қолганини вақт кўрсатади.

- “Андижон” билан Анталиядаги йиғинда иштирок этдингиз. Дастлабки таассуротлар қандай?

- Ҳа, Анталияда йиғинни жуда яхши ўтказдик. Кези келганда, фурсатдан фойдаланган ҳолда зилзила туфайли азият чекаётган турк халқига ўз ҳамдардлигимни билдириб қоламан. Биз у ерда вақтни яхши ўтказдик. Кўпчилик билан танишдик, яна шуни билдирмоқчиманки, менда жуда яхши таассурот қолди. Ҳаммаларига раҳмат.

ахтам4

- “Андижон”дан таклиф тушгач, биринчи бўлиб ким билан маслаҳатлашдингиз?

- Тайинли таклифни олгандан сўнг буни аввало уйдаги қадрдонларим билан биргаликда маслаҳатлашдим.

- “Истиқлол”дан Эҳсони Паншанбе, Алишер Жалилов каби футболчилар ҳам Ўзбекистон чемпионатида тўп суришган. Сизнинг юртимиздаги фаолиятингиз уларникидан-да ёрқинроқ чиқишига ишонасизми?

- Алишер ва Эҳсони учун хурсандман. Улар бу ерда ўзларини кўрсатишди ва яхши ўйинчи эканликларини исботлай олишди. Ўйлайманки, бундан кейин ҳам ўйинлари билан маҳаллий мухлисларни хурсанд қилишади. Шунингдек, улардан ташқари бу ерда Даврон Эргашев, Зоир Жўрабоев, Манучехр Сафаров ва Рустам Соиров ҳам тўп суришади. Ушбу барча ижрочиларга фурсатдан фойдаланган ҳолда муваффақият тилаб қоламан. Энди уларни биласиз ва баҳо бера оласиз. Шунингдек, ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Бу ишни қандай бажарганим ёки бажармаганлигимни эса орадан вақт ўтиб ўзингиз баҳо беришингиз мумкин. Илгари чемпионатингизда Тоҳир Мўминов, Акмал Холматов ва улардан ташқари яна кўплаб тожикистонлик футболчилар тўп суришган. Ҳаммаларига раҳмат. Айтишади-ку, ўтмишсиз келажак йўқ.

ахтам1

- Адашмасам, ўтган йили ёзда “Истиқлол” сафида “Андижон”га қарши ўртоқлик учрашувида ўйнагансиз. Ўшанда 0:3 ҳисобида ютқазгансизлар. Бу тасодифмиди ёки...

- Ҳа, ўтган йили Тошкентда “Андижон” билан ўйнаганмиз. Ўшанда “Истиқлол” йиғинни Тошкентда ташкил этганди. Бу клубимизнинг учинчи ўйини эди. Эҳтимол, кейинчалик тақдирим “Андижон” билан боғлиқ бўлишини ўшанда Яратган эгам шундай қилган бўлиши мумкин.

- “Андижон” клуби билан нимага эришмоқчисиз?

- Жамоамизнинг ўз мақсадлари бор ва биргаликда ўша мақсадларни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Бир куч бўлиб курашсак, ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйлайман.

- Тожикистонда кетишингизга қандай муносабатда бўлдилар?

- Муносабат гўё “бомба” каби кутилмагандек бўлади, деб ҳисоблайман. Чунки тожикистонлик мухлислар мени музокаралар ўтаётган пайтдаёқ табриклашни бошлагандилар. Уларга фурсатдан фойдаланган ҳолда бундан кейин ҳам севган клубларига мухлислик қилишларини ва футболни севиб қолишларини ҳамда омад ёр бўлишини тилаб қоламан.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!