Икром Алибоев дебют ўйинидан кейин: "Ҳаммасини унутдим, энди қайтадан бошладим"
Хабарингиз бор, ҳамюртимиз Икром Алибоев оғир жароҳати туфайли “Сеул” клубини тарк этганди. Март ойида легионеримиз Жанубий Корея К2 лигаси вакили – “Тэджон Хана Ситизен” жамоаси билан шартнома имзолади.
Ниҳоят, Алибоев жароҳатидан фориғ бўлди ва яна майдонга қайтди. К2 лиганинг 11-турида унинг жамоаси сафарда “Пусан Ай Парк” билан куч синашди. Афсуски, футболчимизнинг янги клубидаги дебюти муваффақиятли чиқмади. “Тэджон Хана Ситизен” мезбонларга 4:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Икром 67-дақиқада захирадан майдонга туширилди. Ўйиндан кейин легионеримиз ўзининг инстаграмдаги саҳифасида қуйидагиларни ёзиб қолдирди:
- “Кечаги ўйин натижаси биз учун жуда ҳам муваффақиятсиз якунланди. Лекин мен учун унутилмас кун бўлди. Узоқ танаффусдан сўнг, яна майдонга қайтдим, Худога шукр.
Шу вақт ичида хаётимда кўп воқеалар содир бўлди. Мен ҳамма нарсани унутдим ва барчасини қайтадан бошладим. Кеча мен ёш боладек хурсанд бўлдим. Бу қайтиш мен учун катта аҳамиятга эга. Бу қайтишни фақат менга яқин инсонлар билади.
Бунинг ортида нима бор, қанча қийинчиликлар ва қандай меҳнат бор?! Ҳаммаси учун раҳмат. Менинг оилам, мураббийлар ва дўстларим", - деди Алибоев.
Фикрлар