Илҳом Абдуғаниев: "Эсхата"дан бундай ўйинни кутмагандим"
“Андижон” жамоасининг “Эсхата”га қарши учрашувида жарима зарбасидан гол урган ярим ҳимоячи Илҳом Абдуғаниев беллашувдан сўнг ўйин борасидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Илҳом, жамоамизнинг “Эсхата”га қарши учрашуви борасида нималарни айта оласиз?
- Яхши ўйин бўлди. Ҳаво иссиқлигига қарамасдан иккала жамоа ҳам курашди. Тўғри, бизда ҳам, рақибда ҳам вазиятлар бўлди. Лекин жамоамизда имкониятлар кўпроқ эди. Натижа ҳам яхши, ёмон эмас. Бу ўртоқлик ўйини эди, тўғри натижа ҳам керак. Бироқ бизга кўпроқ ўйинимизни янада шакллантиришга ва машғулотларда нималарни бажараётган бўлсак, шуларни ўйинга олиб чиқишга мураббий томонидан кўрсатма олгандик ҳамда шуларни бажаришга ҳаракат қилдик.
- Стандарт вазиятдан чиройли гол урдингиз. Қандай таъриф берасиз?
- Машғулотларда жарима зарбалари устида ҳам шуғулланяпмиз. Ўша ҳолатда ўзимга ишониб тепишга қарор қилдим. Жамоадошларимга раҳмат, менга ишониб беришди. Худога шукр, гол урдим. Бундан хурсандман.
- “Эсхата” қандай таассурот қолдирди? Сиз кутганчалик ўйнадими ёки...
- Тўғриси, “Эсхата” жамоасидан бундай ўйинни кутмагандим. Яхши жамоа экан. Рақибни кўпроқ узун паслар орқали ўйин кўрсатса керак, деб ўйлагандим. Аммо булар ҳам пас ва тактик услуб орқали ўйин намойиш этар экан. Тўпни назорат қила олади. Ҳурматга лойиқ жамоа.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар