Илҳом Алижонов: "Бўлажак учрашувни сабрсизлик билан кутяпмиз"

Александр Хомяков бош мураббийлигидаги “Андижон” Суперлигадаги кичик танаффусдан унумли фойдаланиш учун кучайтирилган ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда ўртоқлик ўйинлари ташкил қилиняпти.

Яқинда эса жамоа аъзолари катта делегация билан Қирғизистонга бориб келдилар. Жамоанинг ишончли футболчиларидан бири Илҳом Алижонов ҳам “Андижон”нинг тайёргарлиги ва бўлажак “Навбаҳор”га қарши баҳс олдидан фикрлари билан ўртоқлашди.

Зеро, ушбу ўйинчи илгари наманганликлар сафида тўп сурган ва у собиқ клубига қарши муҳим беллашувга тайёрланяпти.

- “Андижон” Қирғизистонда “Мурас Юнайтед”га қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Умуман, жамоанинг у ерга сафари қандай таассурот қолдирди?

- Таассурот яхши бўлди. Қирғизистонда бизни бундай даражада кутиб олишини, юқори эътибор бўлишини кутмагандик, тўғриси. Барчаси юқори даражада бўлди. Яқинда очилган “Барселона” академиясини кўрдик. Жуда ажойиб ва чиройли экан. Ўйинга келадиган бўлсак, яхши беллашув бўлди. Тенг курашлар остида кечди. Қирғизистонда ҳам футбол кучаяётганини сездик. Ривожланиш яхши кетяпти экан. У ерга яхши савиядаги легионерлар таклиф қилиняпти. “Мурас Юнайтед” жамоасида ҳам ана шундай легионерлари бор экан. Маҳаллий футболчилари ҳам яхши. Хуллас, ажойиб учрашув бўлди.

алижонов2_2

- “Андижон” Фарғонадаги водий дербисидан кейин энди ўз майдонида яна водий дербисида “Навбаҳор” билан ўйнайди. Собиқ клубингизга қарши учрашувни сабрсизлик билан кутяпсизми?

- Ҳа, биз Фарғонада водий дербисини ўтказдик ва унда дуранг ўйнадик. Энди “Навбаҳор”га қарши янада кучлироқ тайёргарлик кўряпмиз. Биласиз, чемпионатимизда ФИФА кунлари сабабли бироз танаффус юз берди. Биз бўлажак учрашувни сабрсизлик билан кутяпмиз. Собиқ клубимга қарши бир эмас, икки баробар куч билан ўйнаб мухлисларимизни ғалаба билан қувонтириш учун ҳаракат қиламиз. Биринчи навбатдаги вазифамиз ўша баҳсда 3 очкони қўлга киритиш. Ўйлайманки, ўша куни водий дербисида муҳит жуда яхши даражада бўлади. Иккала жамоанинг ишқибозлари қўллаб-қувватлайдилар. Ўзимизнинг суюкли мухлисларимиз олдида ишончли ғалаба қозонамиз, деган умиддаман.

- Унгача “Навбаҳор” ОЧЛда “Ал-Ҳилол”га қарши ўйнайди. Ушбу баҳсда қанақа натижа кутяпсиз?

- Ҳа, “Навбаҳор” 18 сентябрь куни Саудия Арабистонида “Ал-Ҳилол”га қарши ўйнайди. Ҳозир бутун дунё кўриб, билиб турибдики, жаҳон юлдузлари Саудияга кетишяпти. “Ал-Ҳилол” эса у ердаги энг кучли клублардан бири. “Навбаҳор” мухлисларини ранжитмоқчи эмасман. Менимча, “Ал-Ҳилол” ғалаба қозонса керак, деб ўйлайман.

алижонов3_2

- Айтиш керакки, “Андижон” ўз ўйинини топиб очколар олаётганди, бироқ чемпионатдаги танаффус футболчиларнинг ўйин амалиётига таъсир қилмайдими?

- ФИФА кунларида ҳам иложи борича спорт формамизни сақлаб қолиш учун ўртоқлик учрашувлари ташкил қилиняпти. Ўйлайманки, бу нарса ҳалақит бермайди. Ўртоқлик учрашувлари орқали жамоавий ўйинимизни янада шакллантириб, “Навбаҳор”га қарши баҳсга яхшироқ тайёргарлик кўришга ҳаракат қиляпмиз. Мураббийимизнинг кўрсатмаларини тўлиқ бажариш устида ишлаяпмиз.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдухаликов Мухаммад
13/09/2023 08:07
Андижон галаба козонади
&
Bek 56
13/09/2023 06:24
Келгуси у'йинда Андижонга галаба тилаюрмен