Илҳом Мўминжонов: "Келгуси мавсумда Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш учун курашамиз"

Про-лига доирасида бўлиб ўтган “Нефтчи” – “Нурафшон” (1:1) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин фарғоналиклар бош мураббийи Илҳом Мўминжонов фикрлари билан ўртоқлашди.

- Бугунги ўйинга тўхталадиган бўлсак, бундан 3-4 тур олдин чемпионлик масаласини ҳал қилиб, Суперлига йўлланмасини қўлга киритган эдик. Шундан сўнг, айрим тажрибали ўйинчиларимизга дам бериб, ўйин амалиётига эга бўлмаган футболчиларимизга имкон яратиб, охирги 3 та учрашувни ёш ижрочиларимиз билан ўтказиб келмоқдамиз.

“Нурафшон” жамоаси учун бугунги беллашув ҳал қилувчи бўлишини ҳамма яхши биларди. Рақибга ғалаба жуда муҳим эди. Афсус, улар бугун юта олишмади. Шу ўринда биз ҳам афсуски, ҳимоячиларимизнинг қўпол хатоси эвазига ғалабани қўлдан чиқардик. Кейинги ўйинни Самарқандда ўтказамиз ва ушбу баҳсга тайёргарликни давом эттирамиз. Бу беллашув орқали келажакдаги Суперлига мавсумини ўйлаб, ёш футболчиларни ҳам жалб қилишга ҳаракат қиламиз. Чунки ҳозирги кунда U-18 биринчилигида ёш футболчиларимиз биринчи ўринни эгаллаб, чемпионлик учун кураш олиб боришмоқда. Айнан ёш ва иқтидорли футболчиларимизга ҳам эътибор қаратиб, уларни жалб қиламиз деган умиддаман.

Жамоамизнинг келгуси трансферлар борасига тўхталсак, янги футболчилар билан музокаралар олиб борамиз. "Нефтчи" - тариҳий ва бренд мақомига эга жамоа ҳисобланади. Шунинг учун раҳбариятимиз томонидан олдимизга юксак мақсадлар қўйилган ва келгуси мавсумда Суперлигада чиройли ўйинларимиз орқали ўз мавқеимизни кўтариб, ОЧЛ ўйинларида иштирок этиш учун кураш олиб борамиз, - дейди бош мураббий.

“Нефтчи” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!