Илҳом Мўминжонов нега айнан
Ads

Наманганнинг "Навбаҳор" клубида муваффақиятли фаолият олиб борган Илҳом Мўминжонов яқинда "Сурхон" билан шартнома имзолаганидан хабарингиз бор. Тажрибали мутахассис нега айнан термизликлар таклифини қабул қилгани ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди.

- «Навбаҳор»даги ажойиб фаолиятингиздан кейин кўпчиликни Мўминжонов энди қайси клубда ишларкин, деган савол қизиқтираётганди. Эндиликда маълум бўлдики, сиз “Сурхон” жамоаси бош мураббийига айландингиз. Хўш, нима учун “Сурхон”ни танладингиз? Термизликларнинг нимаси сизни қизиқтирди?

- Менга «Сурхон» жамоасидан жиддий таклиф тушди. Бундан ташқари, менга яна иккита клубдан аниқ чорлов бўлганди. Аммо энди уларнинг номларини айтмаганим маъқул. Шунчаки, олдимда турган вариантлардан «Сурхон» жамоасини танладим. Натижада улар билан бир йиллик шартнома туздим. «Навбаҳор» клубига берган мотивациям ва жамоага қўшган ҳиссамни энди Сурхондарё футболига ва «Сурхон» жамоасига сарфлайман. Биласизми, «Сурхон»нинг ҳам худди «Навбаҳор»даги каби жонкуяр мухлислари кўп экан. Про-лигада иштирок этишига қарамасдан, «Сурхон»нинг ўз майдонидаги ўйинларига 4000-5000 атрофида мухлислар келишар экан. Мана, «Навбаҳор»да ўзимни синаб кўрдим ва наманганликларни пастдан юқорига олиб чиқа олдим. Энди эса ўзимни яна бир карра мураббийликда синаб кўрмоқчиман ва янги жамоамни пастдан юқорига олиб чиқишга жиддий бел боғлаганим учун ҳам «Сурхон»ни танладим. Сурхондарё халқи футболга жуда қизиқади. Уларга яна аввалги мавқеларини қайтаришда ёрдам бермоқчиман. Ушбу жамоани танлашимда пул ҳеч қандай роль ўйнагани йўқ. Мен бу ерга яна олдингидек катта шижоат билан ишлагани келдим. Шу боис «Сурхон»да иш бошлаганим менинг мураббийликда бир поғона орқага қадам ташлаганимни англатмайди. Биз учун ҳали ҳаммаси олдинда. Ўйлайманки, «Сурхон»ни танлаб хато қилмадим. Чиройли ўйинларимиз билан мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз ва бунинг учун уларнинг қўллаб-қувватлашларини кутиб қоламиз.

Илҳом Мўминжонов билан уюштирилган интервьюнинг тўлиқ матнини қуйидаги ҳавола орқали ўқишингиз мумкин>>>