Илҳом Мўминжонов нима учун икки хил гапиряпти? Бу ерда бошқа гап бормикин-а?!

Мавсумни ғалаба билан бошлаган “Нефтчи” кетма-кет 8 та ўйинда эринмасдан рақибларига очко улашиб ғалабани унутаёзди.

Ниҳоят, 10-турга келиб фарғоналиклар ғалаба қозониш қандай эканлигини ёдга олишди. Яйпанда “Металлург”ни қабул қилган Илҳом Мўминжонов жамоаси биринчи бўлимда қийинчиликларга дуч келди. Танаффусдан кейин ўйин суръати бутунлай ўзгарди.

Аниқроғи, фарғоналиклар тезкор қарши ҳужумлар орқали рақибни уч марта жазолади. Ўйиндан кейин “Нефтчи” устози ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Бугунги ғалабамизни жуда кўп кутиб қолган мухлисларимизга бағишлаймиз. Ғалабамизни шунча кутиб чидашганига мураббийлар штаби ва футболчилар номидан раҳмат айтаман. Сафардаги учрашувларда ҳам бизни қўллаб-қувватлашди. Ўйинчилар ғалаба учун бор маҳоратларини ишга солишди. Мураббийлар штаби томонидан берилган кўрсатмаларни тўғри бажаришди.

- “Металлург”ни анча ўрганганингиз кўриниб турибди. Айниқса, қарши ҳужумда яхши ишлар олиб борилди. Бу бўйича алоҳида тайёргарлик кўрилдими?

- Аҳамият берсангиз, охирги учта ўйинда ҳимоямиз нолга ўйнаяпти, кўз тегмасин. Аммо ҳужумда иккита учрашувдан бери гол урмаётгандик. Бугун учта гол урдик. Олдинги “Олимпик”, “Навбаҳор” ва бугун “Металлург” билан учрашувларда қарши ҳужумларда ўйнадик. Бу машғулотларда ишлаган усулимиз. Футболчиларимиздан келиб чиққан ҳолда иккинчи рақам бўлиб ўйнаяпмиз. Жароҳат олган айрим ўйинчиларимиз энди ўзига келди. Қолганлар ҳам аста-секин қайтишади.

- “Навбаҳор” билан ўйиндан кейин мураббийлар штабида ўзгариш бўлиши ҳақида айтиб ўтгандингиз. Шу хусусида тўлиқроқ маълумот берсангиз?

- Ёрдамчиларимда алмашув бўлади, деб айтгандим. Шу кунларда ўзгариш бўлиб қолса керак. Четдан мураббийлар келди, ҳозирча музокара олиб бориляпти. Маъқул келса қолишади, ҳар хил вариантлар бор.

- Бугун Суннат Абдуллажонов ўнг қанот ҳимоясида ўйнади. Бу ўзини оқлагандек туюлди. Ҳимоячи йўқлиги учун шундай қарорга келганмисиз?

- Муҳсин Убайдуллаев бугунги ўйинни ўтказиб юборди. Охирги учта учрашувда қарши ҳужумлар устида ишлаб, Суннат Абдуллажоновни ўнг қанот ҳимоясига ўтказдик. Бу қарор ўзини оқлади, деса бўлади. Чунки учта турдан бери ҳимоямиз нолга ўйнаб, дарвозамиздан гол ўтказмаяпмиз. Бу катта гап. Аммо захира бўйича барибир мураббийлар штаби билан бу борада сиқиляпмиз. Футболчилар кам, улар аста-секин тикланяпти. Абдуллажонов ҳимояда яхши ўйнади. Ҳа, олдинга ўтишда фаол бўлмади. Чунки мураббийлар томонидан юклатилган вазифасини бажарди. Фақат ҳимояни ўйлаш керак эди. Позицион ҳужум уюштирмадик, қарши ҳужумларда гол урдик.

- Ҳакамлар борасида фикрингиз қандай?

- Яхши ҳакамлик қилишди, деб ўйлайман. Уларга эътироз йўқ. Ютқазганимизда ҳам, дуранг ўйнаганимизда ҳам ҳеч қачон ҳакамларни гапирмаганман.

- Селекция ишлари бошланганми?

- Бошланган деса ҳам бўлади. Ҳужум чизиғимиз оқсаяпти. Ҳозир 10-тур, 9-турга келиб энг кам гол урган жамоа биз эдик, 4 та голимиз бор эди. Бугун 3 та урдик. Ҳошимов ва Убайдуллаев ҳаракат қиляпти. Шарич эса талабга жавоб бермаяпти. Лекин машғулотларда ишлаяпти ва ўз вақтини кутяпти. Имконият бўлса, унга ҳам берамиз.

“Навбаҳор”га қарши учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Мўминжонов европалик мутахассислар билан музокаралар олиб борилгани ва ижобий якунланганини айтди.

Куни кеча “Нефтчи” клуби расмий равишда хорватиялик икки нафар мураббий – Зоран Вулич билан Младен Пралия бундан буён Илҳом Мўминжоновга мураббийлар штабида ёрдам бериши ҳақида ёзди. Лекин “Металлург” билан учрашувдан кейин мураббий ушбу хабарни тасдиқламагани ҳайрон қолдирди.

Аксига олиб музокаралар олиб бориляпти, деди. Уни қайси гапига ишониш керак? Ахир “Навбаҳор” билан баҳсдан сўнг келишувга эришилди, деганди, бугун эса бошқача гап?! Боз устига “Нефтчи” матбуот хизмати хорватиялик мутахассислар иш бошлаганини расман эълон қилиб турибди-ку!

Қизиқ, Илҳом Ибрагимович нима учун икки хил гапиряпти? Ёки бу ерда бошқа гап бормикин-а?!

"Нефтчи"да хорватиялик мураббийлар иш бошлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Aziz Yuldashev
23/05/2022 10:25
Беш хил гапирсин хохласа, натижа қилсин мухлис кечиради