Илҳом Мўминжонов: Олдимизга Суперлигада чемпион бўлиш вазифаси қўйилган
Бугун Ўзбекистон кубоги доирасида бўлиб ўтган "Нефтчи" - "Қизилқум" баҳсидан сўнг мезбонлар устози Илҳом Мўминжонов ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Бугунги кубок ўйинига жиддий тайёргарлик кўрган эдик. Чунки,"Қизилқум" жамоаси олти очко билан гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалаб бўлган эди. Лекин, бизда ҳам ғалаба қозониш орқали гуруҳдан чиқиш имконияти мавжуд эди. Дуранг натижа қайд этдик. Бугун кўплаб хавфли вазиятларни яратдик. Ҳужум ва ярим ҳимоя чизиғидаги футболчиларимиз бу вазиятлардан унумли фойдалана олишмади. Қўлга киритилган бир очко ҳам гуруҳдан чиқишимизга ёрдам берди. Шунинг учун, барча мухлисларимизни кейинги босқичга чиққанимиз билан табриклаб қоламан. Энди қуръа натижаларини кутиб қоламиз. Ўйлайманки, Суперлига клубларига тушсак астойдил ҳаракат қилган ҳолда шижоатли ўйин намойиш этиб, ўзимизни яна бир бор синаб кўрамиз ва кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз.
Кубок учрашувларининг биринчи ва иккинчи турида ўйин амалиётига эга бўлмаган футболчиларни майдонга туширдик. Кейинги босқичга чиқиш мажбурияти бўлганлиги учун бугунги ўйинда асосий таркиб футболчиларини майдонга туширдик. Бугунги ўйин эса Про-лиганинг Самарқандда бўлиб ўтадиган 6-тур учрашувига тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Гуруҳдан 4 очко билан чиққанимиз қониқарли натижа деб ўйлайман.
Раҳбарият томонидан бизга Суперлигада чемпион бўлиш ва кубок мусобақаларида гуруҳдан чиқиб,юқори поғоналар учун курашишда ўзимизни синаб кўриш вазифаси қўйилган.
"Нефтчи" клуби матбуот хизмати
Фикрлар