Илёс Зейтуллаев: "Энди кўзларимизни каттароқ очиб кейинги учрашувларга тайёрланишимиз керак"
“Сўғдиёна” – “Бунёдкор” (4:0) ўйинидан кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар устози Илёс Зейтуллаев фикрлари билан ўртоқлашди.
- Бундай мағлубиятдан кейин нимадир дейишга ҳам ҳайронман. 10-15 дақиқа давомида ўзимизга келишимиз қийин бўлди. Кўп нарсага ўзимни жавобгарлигимни ҳис қиламан. Қаердадир қўпол хатоларга йўл қўйдик. Балки футболчилар ҳам руҳий томондан тўлиқ тайёр эмасдирлар. Бундай хатолар устида ишлашга ва бундай вазиятдан чиқиб кетиш чорасини кўришга ҳаракат қиламиз.
- “Насаф” билан дуранг бўлди, “Локомотив”ни ютдинглар. Футболчиларда жисмоний куч қолмаганидан балки бугун йирик ҳисоб кузатилдими?
- Жисмоний ҳолатимиз таъсир қилди, демаган бўлардим. Ўйлашимча, олдинги учрашувларга нисбатан ёмон ўйнамадик. Биринчи голни ўтказганимиздан сўнг ўзимизни бироз йўқотиб қўйгандек тутдик. Рақиб жамоада тезкор футболчиларнинг кўплиги ҳисобига керакли жойларимизни ёпишга қийналдик ва кеч қолдик. Ушбу хатоларимизни тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Энди кўзларимизни каттароқ очиб, кейинги учрашувларга тайёрланишимиз керак. Бундай натижаларни такрорлашга йўл қўймаслигимиз керак. Ўйинчиларимиз “Насаф”, “Локомотив” каби учрашувларда ўзларини кўрсатишди. Навбатдаги учрашувларда янада яхшироқ ўйнаб натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бу – футбол. Унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Рақиб жамоани ғалаба билан табриклайман. Улар яхши ўйин намойиш этишди.
Фикрлар