Ишни бухороликларни хурсанд қиладиган трансфердан бошламоқчимиз - сюрпризга тайёрланаётган Даврон Файзиев яна қандай режалар тузяпти?

Сайтимизни кузатиб бораётган ўқувчилар яхши билишадики, “Бухоро” клубига расман Даврон Файзиев бош мураббий этиб тайинланди ва мавсум охирига қадар шартнома тузди.

Даврон Орипович билан келишганимиздек, у “Бухоро” бош мураббийи бўлганидан кейин sports.uz учун илк интервьюсини берди ва янги клубни қабул қилиши қандай юз бергани, режа ва мақсадлари ҳақида гапирди.

-  Ҳа, “Бухоро” билан шартнома туздим, йилнинг 31 декабргача, - дея гап бошлади Файзиев, - Вазифамиз “Бухоро”ни Суперлигага олиб чиқиш. Жамоа учун яхши бир янгилик қилмоқчимиз. Шу боис мухлисларни хурсанд қиладиган трансфер билан ишни бошламоқчимиз. Энди иш жараёнида ҳамма нарса билан танишиб боравераман. Биринчи ўринда “Бухоро”нинг нима учун бундай аҳволга тушиб қолганининг сабабини билишимиз керак. Клуб базаси билан ҳам танишиб чиқдим. Бу ерда ишни тўғрилаб, ҳаммасини йўлга қўямиз, Худо хоҳласа.

-  Бу таклиф сиз учун кутилмаганда бўлдими?

-  Тўғри, бу мен учун кутилмаган таклиф бўлди. Янги йилгача ҳам бундай бўлиши ҳақида ўйламагандим. Ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Ўзим ҳам ўйланиб қолдим. Лекин менга шунчалик эътибор қаратиб, номзодимни кўриб чиқишибди. Клуб раҳбариятига раҳмат айтаман. Уларнинг ишончини қозонишга ва олдимизга қўйилган вазифани бажаришга ҳаракат қиламан. Бухорога келиб раҳбарлар билан гаплашдим, мен учун орқага йўл йўқ эди. “Қўқон-1912” клубига, Бахтиёр Толипов бошчилигидаги раҳбариятга ва Бахтиёр Ашурматовга миннатдорчилик билдираман. Айниқса, мени тўғри тушунишгани учун раҳмат айтмоқчиман. Ҳали Қўқондаги жамоадошларим билан хайрлаша олганим йўқ. Бизнинг режамиз ўхшаса Фарғонада “Ҳоким Кубоги” мусобақасида қатнашмоқчимиз. Ўшанда “Қўқон-1912” клубидаги ҳамма-ҳамма билан хайрлашиш ниятим бор. Балки қачонлардир яна улар билан бирга ишлаш насиб қилар. “Қўқон-1912” клуби юрагимдан жой олган экан, барибир у ердан кетганим бошқача ҳис-туйғуларни келтириб чиқаряпти. Аммо қўқонликлар билан самимий алоқани сақлаб қоламиз, албатта. Айниқса, мухлисларга ҳам миннатдорчилик билдирмасам бўлмайди. Ҳатто, ишонасизми, ҳозир “Қўқон-1912” билан хайрлашиш ҳақида гапиряпману, лекин ҳаяжонланиб кетяпман.

-  “Бухоро” билан қишки тайёргарлик режаси қандай тартибда ўтказилади?

-  8 январдан Бухоро шаҳрида бошлаймиз. Режамиз бўйича Фарғонада “Ҳоким Кубоги”да қатнашмоқчимиз. Ундан кейин машғулотларни Тошкентда давом эттирмоқчимиз. Мавсум бошлангунигача пойтахтда тайёргарлик кўрамиз.

даврон файзиев1111_1

-  Мураббийлар штабида сизга кимлар ёрдам беради?

-  Деярли аниқлаштириб олдик. Масалан, дарвозабонлар мураббийи Нурилло Ҳабибов бўлади. Жамоага барибир Бухоро футболи учун меҳнати сингган инсонларни қайтаришга ҳаракат қиляпмиз. Олдимизга жиддий вазифа қўйилганида барибир Бухоро футболини яхши биладиган мутахассислар ҳам катта роль ўйнайди. Четдан олиб келиш ҳар доим осон. Мураббийлар штабида бизга шунингдек, Суҳроб Қобилов билан Мирислом Ҳасанов ёрдамлашишади. Маслаҳатчи мураббий ҳам бўлади. Тез орада бунга ҳам аниқлик киритамиз. Селекция бўйича ҳам бухоролик ёшларни яхши биладиган мураббийни қўямиз. Қолгани иш жараёнида бўлаверади.

-  Ўтган йилги таркибдан кимларнидир олиб қолмоқчимисиз ёки бутунлай янгидан тузасизми?

-  Биринчи ўринда маҳаллий футболчилар тўп суришига ҳаракат қиламан. Қолганига позициялар бўйича кўриб чиқамиз. 8 январда жамоа йиғилганида ким кетган, ким келганини кўрамиз. Ҳозирча фақат интернетда, ижтимоий тармоқларда “Бухоро”да ўйнаган номларнинг униси у ёққа, буниси бу ёққа кетди, деган хабарларни ўқияпман. Уларга қаршилик қила олмайман. Бугундан ишга киришдим.

-  Барибир сиз ҳам янги футболчиларни таклиф қилиш борасида селекция ишларини бошлаб юборган бўлсангиз керак-а?

-  Бу сир бўла қолсин. Яқин кунлар ичида Бухоро халқи ва мухлислари учун янгилик қиламиз. Ўша сиз айтган трансфер бўлади. Ҳаммаси ҳал бўлганидан кейин айтаман. Ўйлайманки, бундан “Бухоро” ишқибозлари жуда хурсанд бўлишади.

-  Бу янгилик бизни ҳам қизиқтириб қўйди...

-  Мана, “Нефтчи” ҳақида ўқияпмиз, бошқа клубларни кўряпмиз. Биз ҳам ҳаракат қиламиз ва мен айтаётган трансфер амалга ошади, деб ўйлайман. Юқорида айтганимдек, ишни бухороликларни хурсанд қиладиган трансфер билан бошламоқчиман.

файзиев_6

-  Қизиқ, у легионерми ёки Суперлигадаги футболчими?

-  Келинг, бу сир бўлиб турсин. Лекин бундан хурсанд бўлишлари аниқ. Агар шу ишимиз битса, зўр бўлди деб айтишим мумкин. Ҳозир 60-70 фоизга яқин, аммо ҳали 100 фоизга дея олмайман. Лекин бу борада ўзимга ишониб турибман.

-  Про-лигада ҳам кураш жиддий тус олади. “Нефтчи”, “Динамо”, “Бухоро”, “Шўртан”, “Янгиер”... Асосий рақобатчи деб кимни айтасиз?

-  Ҳозирги вазиятда ҳамма рақобатчи. Чемпионат бошланиб, маълум ўйинлар ўтгач, қандайдир фикрлар пайдо бўлади. Битта ўйин билан ёки таркибим кучли, рақобатчиман деб айта олмайман. Футболда ҳамма нарса инобатга олинади. Захира ўриндиғи ҳам яхши бўлиши лозим. Про-лигада қатнашадиган ҳамма клуб биз учун рақобатчи. Ҳар бир мураббий олдига энг юқори вазифа – 1-ўринни қўяди. Фақат битта нарсани биламан: Суперлигадан кўра, про-лигада ишлаш оғир. Масалан, Суперлига клубларида бюджетига қараб трансфер қилиш, тушунтириш ишлари ҳам осонроқ. Про-лигада ёшларга ҳаммасини ўргатиш керак. Лекин фарқи аста-секин яқинлашяпти. Ўтган йили про-лигада қанақа интрига бўлганини ҳамма кўрди. Ҳар бир ўйинда ғолиб бўлиш ва курашиш керак. Суперлигада ҳам шундай. Лекин у ердан про-лигага футболчи олиб келиш қийинроқ ёки таркибни сақла қолиш осон эмас. Буни “Бухоро”даги вазиятдан келиб чиқиб айтяпман. Бу йилги интрига янада қизиқроқ ўтишига ҳаракат қиламиз.

-  Бу борада сизга ва жамоангиз муваффақият тилаб қоламиз.

-  Катта раҳмат, эътибор учун.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Gg
06/01/2021 00:16
Bildik transferizzi 100000 kirgan Shavkat Salomovda. Super ligada uynomay kegan shavkat