Ислом Кенжабоев: "Сўғдиёна"га қарши баҳс қизиқарли, шиддатли,кескин курашлар остида кечади"

Ўзбекистон Суперлигаси 5-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг 22 ёшли маҳоратли ярим ҳимоячиси Ислом Кенжабоев бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Хабарингиз бор, жамоамиз жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадларни қўйган. Шунингдек, бўлажак рақибимиз “Сўғдиёна” ҳам амалдаги вице-чемпион ва бу йил ҳам яхши ўйин намойиш этмоқда ҳамда айни пайтда турнир жадвалининг 3-поғонасида бормоқда. Клубимиз эса ўзингизга маълум, 4-ўринда.

Бундан келиб чиқадики, бўлажак учрашув турнир жадвалида қўшни бўлган жамоалар ўртасидаги 5-турнинг марказий ўйини бўлади. Шу боис, жиззахликларга қарши кечадиган баҳс қизиқарли, шиддатли,кескин курашлар остида кечади, деган умиддаман.          

Худога шукр,Ўзбекистон кубогининг гуруҳ босқичи ўйинларини юз фоизлик натижа қайд этган ҳолда, пешқадам сифатида якунладик. Энди ғалабали одимимизни Суперлига ўйинларида ҳам давом эттириш ниятидамиз. Фурсатдан фойдаланиб, мухлисларга мазкур муқаддас Рамазон ойидаги ибодатларини Аллоҳ ўз даргоҳида қабул қилишини тилаб, яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити билан табриклайман.      

Ишқибозлардан бўлажак баҳсда стадионга кўпроқ ташриф буюриб, жамоамизни бевосита стадионда қўллаб-қувватлаб, биз – футболчиларга мададкор бўлишларини сўрайман.

Биз эса мухлисларнинг қўллаб-қувватлашларига яраша майдонда муносиб тўп тепиб, уларга қувонч улашишга интиламиз ҳамда ғалаба қозониш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.

Бахтимизга “Навбаҳор” ишқибозлари ҳамиша соғ бўлишсин.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ulugʻbek R
24/04/2022 15:24
Islom sen uzing zoʻr futbolchisan ammo Nasafdan bekor ketdingda hozir Nasafda boʻlganingda hamma qarsak sen boʻlardi.Omadingni bersin