Ислом Тўхтаҳўжаев: Қизил карточка олганимдан ҳафа эмасман

"Локомотив" жамоаси Ўзбекистон Кубоги 2016 финал баҳсида Қаршининг "Насаф” жамоасини мағлуб этиб, иккинчи бор кубок чемпионига айланди.

Шундай қилиб Олий лига 2016 чемпионлигини ҳам қўлга киритган "темирйўлчилар" ўз тарихларида биринчи бор "олтин дублни" қайд этишди.

Ўйиндан сўнг "Локомотив" ҳимоячиси Ислом Тўхтаҳўжаев ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Бугунги финал жудаям қизиқарли ва муросасиз бўлди деб ўйлайман. Ўйинимиздан кўнглим тўлди. Бу финал баҳси бўлгани учун фақатгина ҳисоб учун ўйнадик деган фикрдан йироқман. Чиройли ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдик, бироқ “Насаф” ҳам жиддий қаршилик кўрсатди. Аммо учрашувнинг илк дақиқаларидаги “Насаф”нинг совғаси бизга жуда қўл келди.

Шунингдек “Локомотив” ҳимоячиси учрашув сўнггида унга кўрсатилган қизил карточка борасида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Бу финал баҳси ва унинг сўнгги дақиқалари асабий тарзда ўтиши табиий ҳол эди. Яширмайман, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида 1-0 ҳисобини ушлаб қолиш учун кураш олиб бордик. Тўғри, айёрлик қилиб вақт чўзишга ҳам ҳаракат қилдим. Қизил карточка олганимдан ҳафа эмасман. Барчани чемпионлик билан табриклайман, дея сўзларига якун ясади – Олий Лига 2016 ҳамда Ўзбекистон Кубоги 2016 совриндори Ислом Тўхтаҳўжаев.