Ислом Тўхтахўжаев: "Мени терма жамоага нега чақиришмаганини билмайман, буни ҳайрон қоладиган жойи йўқ"

Ўзбекистон миллий терма жамоаси янги бош мураббий бошчилигида дастлабки халқаро ўртоқлик ўйинини ҳам ўтказди. Швеция билан ўйиндан Сречко Катанец ўзи учун хулосалар чиқаргани аниқ. У футболимиз билан ҳали танишиш жараёнида. Ўша ўйиндан кейин ўзи ҳам терма жамоа билан иш бошлаганига ҳали кўп бўлмагани ҳақида гапирди. Яъни, Катанец футболчиларнинг имкониятларини энди-энди яқиндан кўра бошлаяпти.

Маълумки, Швеция билан ўйин учун чақирилган таркибни словениялик мутахассис тузгани йўқ. Унгача Равшан Ҳайдаров тайёргарлик учун футболчилар рўйхатини шакллантирган бўлиб, Катанецнинг илк йиғинига айнан у тузган ўйинчилар таркиби жалб этилди. Унда эса бир қатор терма жамоа ўйинчилари рўйхатдан жой олмаганини кўриш мумкин эди.

Масалан, айни пайтда “Қизилқум” шарафини ҳимоя қилаётган Ислом Тўхтахўжаев Сречко Катанецнинг дастлабки ўқув-машғулот босқичига таклиф қилинмади. Қолаверса, яна бир қатор легионерлар ҳам турли сабабларга кўра жалб қилинмаганди. Аммо Тўхтахўжаевни чақириш муаммо эмасди. Мунтазам равишда миллий термада ўйнаб келаётган футболчининг бу сафарги йиғиндан четда қолгани мухлисларни ҳам бироз ҳайрон қолдиргани рост. Шубҳасиз, футболчининг ўзи ҳам яна термадан таклифни кутганди. Аммо бу сафар бундай бўлиб чиқмади. “Қизилқум” ҳимоячиси эса Швеция билан ўйиндан четда қолганига қуйидагича муносабат билдирди.

ислом2_1

- Мени нима учун терма жамоага чақиришмаганини билмайман. Буни мураббийлар билади. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Футболда ҳамма нарсага тайёр туриш керак. Албатта, мен доим терма жамоамиз учун ёрдам беришга тайёрман, - дея изоҳ берди, Тўхтахўжаев.

Кўриниб турибди, Ислом терма жамоага чақирилмаганидан қаттиқ ташвишда эмас ва бу вазиятни у нормаль ҳолатда қабул қилди. Энди бевосита вакилларимизнинг Швеция билан ўйинига тўхталсак, деярли кўпчилик мазкур баҳсни кузатди. Шу жумладан футболчилар ҳам. Барибир терма жамоада ўйнаб келаётган ўйинчининг жамоадошлари иштирокидаги ўйинни телевизор қаршисида кузатиш ҳам осон эмас.

ислом1_1

- Тўғрисини айтсам, мен миллий терма жамоамизнинг Швецияга қарши ўйинини фақат иккинчи бўлимини кўра олдим. Умумий маънода шуни айтишим мумкинки, йигитлар кучли рақибга қарши яхши ҳаракат қилдилар. Аммо терма жамоамиз ўйинида ҳали бирор-бир ўзгариш бўлди, дейиш қийин, - деб муносабат билдирди, Ислом.

Таркибга жалб қилинган ўйинчилар орасида ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил қилди. Ҳимояда эса янги тандем синаб кўрилди. Ўз навбатида кўп йиллардан буён бош жамоамиз учун тўп суриб келган Ислом Тўхтахўжаев ҳам ўйинни кузатиш чоғида айнан мудофаа чизиғимиздаги йигитларнинг ҳаракатларини диққат билан кўрган бўлса ажаб эмас. Кўпчилик ҳимоядаги хатолар кўзга ташлангани ҳақида фикр билдирмоқда. Бунга жавобан “Қизилқум” аъзоси шундай деди:

- “Швеция каби терма жамоаларга қарши ўйинларда хатолар бўлиши табиий. Айнан шундай учрашувлар орқали тайёргарлик кўрилади. Ҳаммаси ўйиндан-ўйинга яхшиланиб боради”.

ислом3_1

Мураббий ва футболчилар ўртасида ўзаро ишонч бўлиши ҳам катта аҳамият касб этади. Буни Сречко Катанец яхши тушуниб турибди. У терма жамоадаги илк йиғин ва ўйин орқали ўйинчилар билан танишди ва бир-бирида оз бўлса-да, таассурот пайдо бўлди. Унинг қандай услуб ва тактикадан фойдаланиши ҳам биз учун қизиқ. Ҳозирча битта ўйин орқали бунга етарлича жавоб бериш қийин. Шу ўринда Тўхтахўжаев янги мураббий борасида шундай деди:

- “Сречко Катанецнинг эришган натижаларидан яхши мураббий эканлиги билиниб турибди. Ироқ билан уч марта ўйнаган бўлсак, ҳимоявий услуб танлаганди. Ҳар бир мураббий қўл остидаги футболчиларидан келиб чиқиб тактика танлайди”.

ислом4_1

Ҳозирда футболчи эътиборини “Қизилқум”нинг навбатдаги ўйинларига қаратган. Биласиз, навоийликлар Суперлиганинг бу мавсумида медаллар учун курашмоқда ва бу борада уларда ҳам имконият бор. Бу турда “Қизилқум” “Локомотив”ни қабул қилади. Бу Тўхтахўжаевнинг собиқ клуби эканини биласиз-а? Демак, Ислом учун бу янада аҳамияти юқори бўлган ўйинга айланади.  

- Биз ҳар доимгидек тайёргарлик кўряпмиз. Олдимизда “Локомотив”га қарши жуда муҳим учрашув кутиб турганини тушуниб турибмиз. Уларни ҳар томонлама ўрганиб чиқяпмиз. Бу яхши ўйин бўлади. Олдимизга қўйган мақсадимизга эришиш учун ғалабалар қозонишимиз керак, - деди футболчи. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!