"Ислом Тўхтахўжаевни кучли чемпионатга кетаётганидан хурсандмиз, Кенжабоевда менга ёққан хусусиятлари бор" - "Қизилқум" бош мураббийи селекция ҳақида фикр билдирди
Навоийнинг “Қизилқум” клуби ҳам Тошкентдаги ўқув-машғулот йиғинини давом эттириб келяпти. Совриндорлар қаторидан жой олишни кўзлаётган жамоа учун иккинчи давра ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шунга яраша таркибда айрим ўзгаришлар ҳам юз беряпти.
Масалан, яқинда тажрибали ўйинчи Эркин Бойдуллаев “Қизилқум” билан хайрлашди. Шундан сўнг жамоага Дилшод Жўраев таклиф қилинди ва у билан келишувга эришилди. “Қизилқум” бош мураббийи Никола Лазаревич ушбу ўзгариш хусусида шундай деди:
"Ҳа, биз биринчи навбатда жамоани кучайтириш ҳақида ўйлаётгандик. Шунинг эвазига кетишни хоҳлаган ўйинчилар билан хайрлашишни лозим топдик. Қолаверса, таркибни ёшартирмоқчимиз. Раҳбарлар билан келишган ҳолда Эркин Бойдуллаевни бошқа клубга ўтишига тўсқинлик қилмадик. У кетганидан кейин бизда таянч ярим ҳимоясида фақат бир нафар футболчи қолганди. Биз эса бу позицияни кучайтиришимиз керак эди. Шу боис Дилшод Жўраевни таклиф қилдик. Бизда бу позицияга бир неча номзодларимиз бор эди. Якунда Жўраев вариантида тўхтадик. Бундан ташқари, “Олимпик”дан ёш иқтидорли футболчи Даврон Анваровни ҳам олдик. Ушбу футболчиларга ишонамиз, умид қиламанки, бизга ёрдами тегади".
Дарвоқе, “Қизилқум” жамоасининг яна бир етакчиларидан бири клубдан кетаётгани ҳақида эшитдик. Гап шундаки, тажрибали ҳимоячи Ислом Тўхтахўжаевга Қатарнинг “Ал-Гарафа” жамоасидан таклиф тушган. Шу сабабли “Қизилқум” устозидан Тўхтахўжаев масаласида ҳам сўрадик.
"Тўхтахўжаев ҳали кетмади. Аммо бугун-эрта кетиш эҳтимоли бор. Унга Қатардан жуда яхши таклиф бўлди. Бундай чақирув бўлгач, биз бунга қарши чиқмадик. Футболчида мана шундай таклиф пайдо бўлгач, мен унга дарҳол рухсат бердим. Чунки Исломга қизиқарли таклиф тушганди. Мен, раҳбарлар ва бутун жамоа Тўхтахўжаев учун хурсандмиз. Биз унинг фаолиятини Қатарда кучли чемпионатда давом эттиришидан мамнунмиз. Чунки Қатар биринчилиги Осиёдаги кучли чемпионатлардан бири. Исломга "Қизилқум"га шунча вақт ёрдам бергани учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Унга кейинги фаолиятида омад ва соғлик тилайман. Жароҳатлардан ҳоли бўлиб, муваффақиятли тўп суришини истайман", - дейди Лазаревич.
Сербиялик бош мураббий ёзги селекцияда имкони қадар таркибни янада кучайтириш тарафдори. Бунинг устига кетаётганлар ўрнини тўлдириш ҳам талаб қилинади. Чунки жамоанинг мақсади жиддий ва шунга яраша қадам ташлаш керак. Никола Лазаревичдан селекциядан қанчалик қониқаётгани хусусида ҳам сўрадик.
"Ҳа, бизга қўшилган иккита ўйинчидан ташқари Ислом Кенжабоев ҳам қайтди. Яна иккита позицияга ўйинчи қидиряпмиз. Трансфер ойнаси ёпилгунигача излаётган футболчиларни топишга ҳаракат қиламиз. Селекциядан қониқдим ёки қониқмадим? Бу борада шуни айтаманки, нисбатан қониқдим десам бўлади. Аммо бир-иккита ўйинчилар рўйхатимизда бор эди ва уларни ҳам таклиф қилмоқчи эдик. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Агар селекциядаги режамиз амалга ошса, янада яхши бўлади. Умуман олганда, янги таклиф қилинган футболчиларнинг иккинчи даврада ёрдами тегади, деган умиддамиз".
Кўриб турганингиздек, навоийлик Ислом Кенжабоев яна “Қизилқум”га қайтди. “Навбаҳор”да ярим мавсум тўп сурган истеъдодли ярим ҳимоячи собиқ клубидан тушган таклифни қабул қилишга қарор қилди. Бу футболчи жамоасини қанчалик кучайтиради? Лазаревич у тўғрисида шундай деди:
"Мени ишончим комилки, Ислом Кенжабоевни жамоамизга ёрдами тегади. Лекин шуни ҳам айтиш лозимки, ким қандай ўйин кўрсатишини олдиндан 100 фоиз ҳеч ким кафолат бера олмайди. Аммо ушбу футболчида юқори потенциал бор. Ундан нимани талаб қилаётганимизни яхши тушуниб турибди. Шунингдек, мазкур ўйинчида менга ёққан хусусиятлари мавжуд. У сифатли футболчи. Шу боис Исломни ортга қайтардик. Бундан ташқари, биз бюджетга қараб иш тутамиз. Яъни, чўнтагимизга қараб ўйинчи оламиз. Чунки кўп нарса бюджетга бориб тақалади. Аммо умид қиламанки, иккинчи даврага яхши жамоа бўлади".
Фикрлар