Исломбек Сейтназаров: Чемпионат бошланишига 10 кун қолганда йиғинларга киришдик

Про-лиганинг 2-туридан ўрин олган "Турон" - "Арал Самали" (3:0) учрашувидан сўнг меҳмонлар клуби бош директори Исломбек Сейтназаров ўз фикрларини билдириб ўтди.

Ўйин ҳақида

- Бугун яхши учрашув бўлди. Хабаринглар бор, биз сунъий майдонларда ўйин ўтказамиз. Бугун ҳақиқий майсага эга бўлган жамоада футболчиларимиз бир оз қийналишди. Иккинчи бўлимда майдонга мослашиб олдик ва ўйинимиз бирмунча кучайди. "Турон" жамоасини ғалаба билан табриклаймиз, навбатдаги ўйинларда жамоага омад ёр бўлсин.

- Тажрибали футболчи Наврўзбек Алимовнинг захирага олишининг сабаби нима?

- Биз чемпионат бошланишига 10 кун қолганда йиғинларга киришдик. Тошкент шаҳрида бир ҳафталик йиғин ўтказдик. Наврўзбек Алимовнинг ҳозирда жисмоний имконияти тўлиқ 90 дақиқани ўтказишга имкон бермайди. Шунингдек, унда тиззасидан олган жароҳати бор. Шу сабабдан биз уни захирага олишга мажбур бўлдик. Албатта, кейинги ўйинларга янада тикланиб боради ва унга кўпроқ дақиқа ўйнашга имконият берамиз.

- Нега жамоа бош мураббийи Тимур Турдиев бугунги учрашувда қатнаша олмади?

- Бош мураббий Тимур Турдиев ҳозирда ПРО лицензияси учун ўқув курсларида иштирок этмоқда. Шу сабабдан бугунги ўйинда қатнаша олмади. Насиб бўлса, бош мураббий кейинги ўйинларда жамоамизга яқиндан ёрдам беради.

Шу ўринда "Турон" футбол клуби раҳбариятига айтмоқчи бўлган фикрларим бор эди. "Турон" жуда ажойиб жамоа, Яйпанга келиб ўз кўзимиз билан танишиб яна бир бор бунга гувоҳ бўлдик. Шу каби шароитларга эга жамоа шакллантирганликлари учун клуб раҳбариятига миннатдорчилик билдираман.

"Турон" матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!