
Испан клуби “Рома” ҳужумчисига харидор
Испания чемпионати вакили “Мальорка” мутасаддилари “Рома” раҳбарияти билан Карлес Перес трансферини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.
“Барселона” тарбияланувчиси бўлган 23 ёшли ҳужумчи жорий мавсумда ҳар доим ҳам асосий таркибга киритилмаяпти. Ла Лигадаги жойини сақлаб қолиш учун курашаётган испан клуби бу ўйинчини мавсум охиригача ижарага олмоқчи.
“Рома” спорт директори Тьягу Пинто “Мальорка” раҳбариятини бу футболчини кейинчалик сотиб олиш мажбуриятини олсагина, Карлес Пересни Испанияга жўнатишини маълум қилди. Акс ҳолда ҳужумчи “Рома”да қолади.
Тьягу Пинто бу талабни бежизга қўйгани йўқ. “Рома”га эгалик қилувчи Фридкинлар оиласи агар Жозе Моуриньо ва Тьягу Пинто олдига янги ўйинчи олишдан олдин ҳозирги таркибдагилардан бирортасини сотиб юбориш шартини қўйган.
Карлес Перес жорий мавсумда барча турнирларда 18 та учрашувда қатнашиб, ўз ҳисобига иккита гол ва битта голли пас ёздириб қўйди.
Фикрлар