Испанларнинг барча зарбасини қайтарган 40 ёшли дарвозабон охирида йиғлаб юборди
2026 йилги жаҳон чемпионатида илк бор голсиз дуранг натижа қайд этилди. Чемпионатдаги 13-учрашув доирасида Испания ва Кабо-Верде терма жамоалари Атланта шаҳрида майдонга тушиб, кескин кечган баҳсда ғолибни аниқлай олмади.
Ўйиннинг деярли барча қисмида ташаббус испанлар томонида бўлди. Аммо Европанинг амалдаги чемпионлари Кабо-Верде дарвозабони Жозимар Возиньяни доғда қолдира олмади. 40 ёшли посбон юқори маҳорат намойиш этиб, бир неча хавфли вазиятларда жамоасини муқаррар голдан қутқарди.
Кабо-Верде ҳам ўз имкониятларига эга бўлди. Иккинчи бўлим охирида бурчак тўпидан кейин хавфли зарба йўлланганида, Испания дарвозабони Унаи Симон ишончли ҳаракат қилиб, тўпни қайтарди.
Испания билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаб, Кабо-Верде терма жамоаси жаҳон чемпионатида катта сенсация қайд этди. Жамоа турнирнинг асосий фаворитларидан бири ҳисобланган Испаниядан очко тортиб олди.
Қизиғи шундаки, учрашув тугагач Кабо-Верде дарвозабони Жозимар Возинья ҳис-туйғуларини яшира олмай, йиғлаб юборди. У сенсацион натижанинг асосий қаҳрамонларидан бирига айланди.
Возинья баҳс давомида еттита сейв амалга ошириб, жамоасининг муҳим очко қўлга киритишида ҳал қилувчи роль ўйнади.
Иккинчи турда Испания Саудия Арабистонига қарши майдонга тушса, Кабо-Верде Уругвай билан куч синашади.

Фикрлар