Исроил Мадримов навбатдаги жангини чемпионлик камари учун ўтказадими?
17 декабрь куни бўлиб ўтган профессионал бокс оқшоми кўпчиликнинг диққат марказида бўлди. Асосий жанг супер ярим ўрта вазн тоифасида (69,8 кг) WBА жаҳон чемпионлик камари учун элиминатор (саралаш) мақомида ўтди. Унда ушбу йўналиш рейтингида иккинчи ўринда бораётган ҳамюртларимиз Исроил Мадримов ва рейтинг етакчиси франциялик Мишель Соро ўзаро баҳс олиб борди. Жанг натижаси эса кўпчилик мухлислар, бокс оммасининг эътирозига сабаб бўлмоқда.
Барчаси қандай бўлди?
Жангнинг дастлабки раундларида ташаббус ва нисбатан аниқлик Соро томонида бўлди. У ринг марказини эгаллаган ҳолда ўзининг асосий қуроли - жеблари орқали Мадримовга анчагина қийинчилик туғдирди. Иккинчи қисмда эса Мадримов унга қарши яхши тактика ишлатди. Бўйи ва қўллари узун бўлган Сорога яқин масофада ишлаш ноқулай бўлди ва асосан Мадримов аниқроқ ҳаракат қилган ҳолда умумий устунликни ўз қўлига олди. Барчаси 9-раундга келганда содир бўлди. Раунднинг сўнгги 20 сонияси қолгунига қадар Соро устунлик қилаётган эди. Аммо Мадримов бирданига зарбалар сериясини йўллай бошлади. Зал шовқин билан оёқда турди ва бунинг натижасида испаниялик рефери Салвадор Салва қўпол хатога йўл қўйди.
Раундни якунловчи гонг чалинганидан сўнг ҳам Мадримов жавобсиз 7 та зарба йўллади ва рефери жангни тўхтатиш ишорасини берди. Ха, бу раундни эмас жангни тўхтатиш учун ишора эди. Бир қарашда ҳолатдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳақиқатда бу вазиятда Соро кучли зарбалар натижасида ўзини қисман йўқотган ва пассив ҳимояга кириб кетган эди. Бу ҳолатда жангни тўхташи адолатли, лекин гонг чалинганидан сўнг ҳам давом эттирилиши қоидага зид ҳолат бўлди. Соронинг мураббийлари табиийки бунга кескин эътироз билдирди. Рефери эса буни эшитмаганини таъкидлади. Бироз муддатли муҳокамалардан сўнг баҳс давом эттирилмайдиган ва натижада ўз ўрнида қоладиган бўлди. Баҳснинг расмий натижаси бўйича Мадримов 9-раундда техник нокаут билан ғалаба қозонди.
Бу ҳолатни чет эллик мутахассислар ва мухлислар кескин танқид қили. "Жанг натижаси бекор қилиниши керак", - деган фикрлар билдирилди. Аммо бир томондан натижанинг бекор қилиниши боксчи учун адолатсизлик бўлади. Чунки бу ерда хато боксчидан эмас реферидан ўтди. Боксчилар эса ўз ишини бажарди.
Тўхтатилгунга қадар ҳисоб қандай эди?
Муддатидан олдин якунига етган жангларда, якунга қадар очколар бўйича ким олдинда бўлгани ҳар доим ҳам кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлади. Қайдномадаги ҳисоб-китобда Луижи Баскералли 76-76 дуранг, Гжегорж Моленда 76-75, Жеоржи Эзекиев 78-74 ҳисобида Мадримов устунлигини қайд этаётган эди. Буни қарангки, ҳисоблар қайдномаси ҳам хатодан холи эмас экан. Ҳар бир раунддан сўнг жанг супервайзери очколарни қайдномага тушириб боради. Унга эътибор билан қаралганда, ўртадаги устунда Гжегорж Моленда ҳисоби 8 раунд якунига кўра 67-66, сўнги раундда 10-9 берилгач 77-75 кўринишига келиши керак эди. Қайдномада эса бу 76-75 дея ҳисоб китобда ҳам хатоликка йўл қўйингани маълум бўлди.
Энди жанг натижаси бекор қилинадими ёҳуд Мадримовнинг навбатдаги жанги кимга қарши бўлиши мумкин?
Катта эҳтимол билан натижа бекор қилинмайди. Аммо буни WBА қабул қиладими ёки йўқми бу ҳозирча бироз сўроқ остида. Ташкилот расмий сайтида Мадримовнинг ғалабаси хабар сифатида ҳам ёзилди. Лекин кўп танқидлар сабаб, ташкилот ўз имижига путур етказмаслик нуқтаи назаридан, ушбу боксчилар ўртасида реванш учун буйруқ бериш варианти ҳам йўқ эмас.
Қолаверса, ушбу йўналишда амалдаги WBА, WBC ва IBF жаҳон чемпионлик камарлари эгаси америкалик Жермел Чарло 2022 йил 26 февраль куни WBО чемпиони Браян Карлос Кастанога қарши мутлақ чемпионлик мақомидаги реванш жангини ўтказиши белгиланган. Ундан сўнг Чарлони IBF йўналишида мажбурий даъвогар ҳисобланган Баҳрам Муртазалиев кутиб турибди. Бу жанглар бўлиб ўтишига тахминан 8, 9 ой вақт керак.
Демак, Мадримовнинг навбати келгунига қадар камида яна 1 йил муддат бор. Бу вақт оралиғида у бир нечта жанглар ўтказиши мумкин. Сорога қарши бошқаларнинг назридаги шубҳали ғалаба унинг кейинги фаолиятида ҳам бот-бот эсланиши турган гап. Шу нуқтаи назардан қараганда, Исроил Мадримов ва Мишель Соро ўртасида реванш жангини ўтказилиши ва Мадримов уни ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмаган ҳолда мағлуб этиши ҳам натижа томондан, ҳам янада кўпроқ тажриба олиш учун айни муддао бўлар эди. Шундан сўнг ҳам чемпион Чарло бошқа йўналишда мажбурий ҳимоя ўтказгунига қадар Мадримовда бир икки жанг учун вақт етарлича бўлади.
Нима бўлган тақдирда ҳам ҳамюртимизга омад тилаб қоламиз ва чемпионлик камарларини юртимизга олиб келишига тилакдошмиз!
Жалол Ахмедов тайёрлади.
Фикрлар