Исроил Мадримов қандай титул учун жанг қилади ёхуд унинг нуфузи ва рейтинги қай даражада?
15 август куни биринчи ўрта вазнда (69.8 кг) фаолият юритадиган ҳамюртимиз Исроил Мадримов ўзининг навбатдаги жангини Эрик Уокерга қарши вақтинчалик WBA жаҳон чемпионлик камари учун ўтказиши мумкинлиги ҳақида ҳабар берган эдик. Ҳозирда, ушбу тўқнашув камар учун эканлиги расман тасдиқланганича йўқ. Бу борада Исроил Мадримовнинг промоутерлари ташкилот билан музокаралар олиб бормоқда ва тез кунларда бунга аниқлик киритилади. Шундай бўлса-да, мазкур хабардан сўнг, турли фикр ва мулоҳазаларга гувоҳ бўлдик ва бу борада имкон қадар маълумот беришга қарор қилдик.
Демак, Бутунжаҳон бокс ассоциацияси, яъни WBA томонидан ўз йўналишида таъсис қилинган 3 та жаҳон чемпионлик камари билан танишинг:
1. WBA Super – ташкилотнинг энг нуфузли жаҳон чемпионлик камари бўлиб, Исроил Мадримов ҳаракат қилаётган вазнда бу титул соҳиби доминиканлик Хейсон Росарио ҳисобланади.
2. WBA Regular - даража жиҳатдан кейинги ўринда турувчи "мунтазам" жаҳон чемпионлик камари. Ҳамюртимиз вазн тоифасида бу чемпионлик кубалик Эрисланди Ларага тегишли.
3. WBA Gold - ушбу титул жаҳон чемпионлик камари ҳисобланмайди ва бу қандай боксчиларга берилиши ҳатто, ташкилотнинг регламентида ҳам келтирилмаган. Бу камар эгасига асосан, "Regular" чемпионнинг ҳимоя муддати келганда мажбурий даъвогарлик мақомини беради ва WBA Regular чемпион ўз камарини WBA Gold чемпионга қарши мажбурий ҳимоя қилади. Ушбу вазнда WBA Gold чемпиони франциялик Майкл Соро ҳисобланади.
Юқорида санаб ўтилган, 3 та камар эгалари WBA рейтингига киритилмайди. Янада аниқроқ қилиб айтганда, булар рейтингни юқорисида чемпионлар сифатида қайд этилади ва ундан кейин кучли 15 талик рейтинг давом эттирилади. Қуйида мазкур вазндаги WBA рейтингини эътиборингизга ҳавола этамиз.
“Интерим” WBA яъни, вақтинчалик жаҳон чемпионлик камари эса, нуфуз бўйича улардан кейинги ўринда туради ва бу титул ҳар доим ҳам таъсис этилавермайди. Қачонки асосий чемпионнинг маълум сабабларга кўра, даъвогарларга қарши жанг ўтказиш муддати чўзилса, у ҳолатда ушбу камар жорий этилади. Бундай чемпионлик камари Исроил Мадримовнинг вазн тоифасида илк бора таъсис этилмоқда. Мазкур титул соҳиби рейтингда биринчи ўринга жойлашади. Ҳозирда юқорида кўриб турганингиздек, WBA рейтингида биринчи ўринда собиқ жаҳон чемпиони Жаррет Хёрд, иккинчи ўринда эса ҳамюртимиз Исроил Мадримов жой олган. Агар, Мадримов ушбу камарни қўлга киритган тақдирда янги рейтингда ҳамюртимиз биринчи ўринга кўтарилади. Хёрд эса, рейтингда пастки поғонага тушади.
Келинг, шундай камар таъсис этилган бошқа бир вазн тоифасини кўриб чиқамиз. Шаҳрам Ғиёсов ва Шоҳжаҳон Эргашев фаолият олиб бораётган супер енгил вазнда (63.5 кг) шундай турдаги чемпионлик камари жорий этилган ва бу титулнинг амалдаги соҳиби Aлберто Пуэлло ҳисобланади. Рейтингда кучли олтиликка назар солсангиз, WBA Super чемпиони Жош Тэйлор, WBA Regular камари соҳиби Марио Барриос ҳамда WBA Gold чемпиони Исмаэл Барросо эканлигини кўришингиз мумкин. Рейтингда биринчи поғонада қайд этилган, Aлберто Пуэлло “Интерим” яъни вақтинчалик жаҳон чемпиони ҳисобланади. Шаҳрам Ғиёсов рейтингда олтинчи, Шоҳжаҳон Эргашев еттинчи поғонадан жой олган.
Кўпчилик нима учун бу боксчиларимиз асосий камар учун жанг қилмаётганликларига қизиқади. Ушбу рейтингда кўрганингиздек супер чемпион Жош Тэйлорга қарши жанг яқин йилларда имконсиз. Чунки, Тэйлор навбатдаги жангида IBF йўналишида мажбурий даъвогарга қарши тўқнаш келса, ундан сўнг WBC ва WBO чемпиони Хосе Рамирес билан 4 та камарни бирлаштирувчи баҳси режа қилинган. Қолган чемпионлар ҳам бошқа боксчилар билан жанглар борасида келишувга эришган. Шундай экан, ҳозирча кутишдан бошқа чора йўқ. Бироқ, тез орада қолган боксчиларимиз ҳам Муроджон Аҳмадалиев каби нуфузли чемпионлик камарлари учун жанг қилиб, муваффақият қозона оладилар, деган умиддамиз!
Жалол Аҳмедов тайёрлади.
Фикрлар