Исроил Мадримов ва Эрик Уокер жанги олдидан билдирилган фикрлар ёхуд боксчилар фаолиятига назар
Хабар бериб ўтганимиздек, 15 август куни Америка Қўшма Штатларининг Талса шаҳрида «Матчроом» компанияси томонидан катта бокс оқшоми ташкил этилмоқда. Биз учун аҳамиятли жиҳати ушбу кечада икки нафар ҳамюртимиз рингга кўтарилади. Рио олимпиадаси кумуш медаль соҳиби Шаҳрам Ғиёсов ўзига тегишли бўлган супер енгил вазнда WBA International камарини Франсиско Рохадан ҳимоя қилса, супер ярим ўрта вазнда WBA Intercontinental чемпиони Исроил Мадримов вақтинчалик WBA жаҳон чемпионлик камари учун америкалик Эрик Уокерга қарши рингга чиқади. Биз ушбу жанг олдидан боксчиларнинг ўтган фаолиятига ва бўлажак жанг олдидан билдирилган сара фикрларга эътибор қаратдик.
Супер ярим ўрта вазн тоифасида (69 кг) фаолият олиб бораётган Исроил Мадримов шу кунга қадар, професcионал боксда 5 та жанг ўтказиб, (умумий 25 раунд) уларнинг барчасида ғалаба қозонган ва рақибларини муддатидан олдин мағлубиятга учратган (нокаутлар бўйича 100%). Унинг дебют жангидан тортиб, ҳозиргача ўтказган барча жанглари 10 раунддан иборат бўлган. Мадримов иккинчи жангидаёқ вакант WBA Intercontinental камарини қўлга киритади. (Шу ўринда эслатма: Мадримов биринчи жангидаёқ камар учун жанг қилган, аммо ўша вақтда унда рейтинг бўлмаганлиги сабаб, кейинчалик WBА томонидан камар бекор қилинган ва иккинчи жангга вакант сифатида қайта қўйилган). Мадримов охирги марта 2019 йил 29 февралда WBA йўналишида иккинчи рақамли мажбурий даъвогаp бўлиш учун элиминатор мақомидаги тўқнашувда Чарли Наваррога қарши рингга чиқиб, рақибини 6-раундда нокаут эвазига мағлубиятга учратади.
Хуллас, қизиқарли жанг бўлиши кутилмоқда. Музокаралар ўз якунига етганидан сўнг, Исроил Мадримов ва унинг жамоаси бўлажак жангга оид ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Мен 15 август куни Эрик Уокердек жиддий рақибга қарши жанг қилишдан жуда хурсандман. Дунё бўйлаб барча мухлисларимга қўллаб-қувватлаганлари учун катта раҳмат айтаман. Сизлар учун яна бир шоу томошасини намойиш этиш иштиёқидаман",- деди Мадримов.
"Дастлаб биз сентябрда Исроилнинг навбатдаги жангини ўтказишни режалаштирган эдик. Бироқ, бу имконият пайдо бўлди ва биз ҳаммамиз бу унинг фаолиятидаги улкан қадам бўлади, деб қарор қилдик. Уокер билан жанг, аввалги рақиблардан кўра, каттароқ синов бўлади",- деди Мадримовнинг менежери Вадим Корнилов.
"Бу Исроилнинг навбатдаги ажойиб чиқиши бўлади". Унинг машҳурлиги тобора ортиб бормоқда ва биз «Матчроом» ва DAZN билан ишлашдан жуда мамнунмиз. Исроилни актив ҳолатда ушлаш мақсадида 15 августдаги жанг учун олдинга яна бир қадам ташладик",- деди «Мир бокса» промоутерлик компанияси раҳбари Андрей Рябинский.
Луизианалик Эрик Уокер боксдаги фаолиятини таваккал тарзда бошлаганди. У ўсмирлик даврида қамоқда бокс тушишни ўрганган ва кейинчалик ўз фаолиятини професcионал тарзда давом эттирган. У шу кунга қадар, 22 жанг ўтказиб, (умумий 114 раунд) 20 та жангда ғалаба қозонган. Улардан 9 тасида рақибларини муддатидан олдин таслим этган (нокаутлар кўрсаткичи 41 %). Дастлабки мағлубиятини 2017 йил 15 июлда Партрик Дейдан 10 раунд якунига кўра, очколар ҳисобида қабул қилиб олганди. 2018 йилнинг кузида, 16 та жангининг 15 тасида ғалаба қозонган боксчи сифатида Брандон Адамсга қарши элиминатор жангида рингга кўтарилади ва бу сафар ҳам имкониятни бой бериб қўяди.
Уокер 2019 йилнинг охирига қадар, кетма-кет Майкл Мур, Хосе Антонио Абру, Демиэн Бонеллини мағлуб этган. "Baby Faced Assasin" ( Кулиб турувчи жаллод) тахаллусига эга Эрик, Мадримовнинг мағлубиятсиз юришига нуқта қўйишига ишонмоқда.
Уокер (20-2, 9 КО) учун Мадримовдек тез кўтарилишга эришаётган боксчига қарши жанг унга 37 ёшида ҳам ҳаётининг яна бир қисмини рингда ва ундан ташқарида ёзиш имконини беради.
"Мадримов ҳаваскорда ажойиб фаолият олиб борган, аммо у профессионал боксда жуда кўп хатоларга йўл қўяди ва мен унга биринчи мағлубиятини тақдим этувчи одам бўламан. Пандемия чекловларига қарамай, машғулотлар олиб бордим ва жисмоний ҳолатим яхши даражада. Мен май ойидан бери спорт залида машғулотлар билан бандман. Собиқ жаҳон чемпиони Шон Портер билан спарринг жанглар ўтказдим. Бундай имкониятни кутган эдим ва бу жангга жиддий қарамоқдаман. 15 август куни ўз ишимни муваффақиятли уддалашга тайёрман»,-деди Уокер.
"Эрик Уокер Исроил Мадримов шу вақтга қадар, дуч келган энг яхши жангчи бўлади. Эрик ҳаётини ўзгартирган ҳолда, фаолиятини қайтадан бошлаган. Қолаверса, у аввалги даврнинг юлдузларидан эди. 15 август куни шиддатли жангни томоша қилишни кутяпман",- деди Эрикнинг промоутери Лу ДиБелла.
Аслида, 15 август куни марказий жангда ўта енгил вазн тоифасида WBC чемпиони Хулио Сезар Мартинес Уильямс Арроёга қарши рингга кўтарилиши керак эди. Бироқ, Мартинеснинг нафас йўлларида инфекция аниқланганлиги туфайли, ушбу тўқнашув бекор қилинди ва Мадримов-Уокер баҳси ушбу кечага 2-асосий жанг сифатида қўшилди.
Энди, мазкур бокс кечасининг асосий жангида ярим ўрта вазн тоифасида мағлубиятсиз одимлаётган мутлоқ жаҳон чемпиони Кесилиа Брахус (36-0, 9 КО) ва супер енгил вазн тоифасидаги WBC ва WBА чемпиони Жессика МакКаскилл (8-2, 3КО) тўқнаш келади.
"Мадримов ва Уокер тўқнашуви 15 августдаги шоумизга қўшимча тарздаги ажойиб жангдир. Исроил жаҳон боксидаги энг яхши истеъдодлардан бири бўлиб, у 5-жангидан кейин жаҳон чемпионлик унвони ва юқори даромадли жанглар арафасида турибди. Аммо, 37 ёшли Эрик ўтган жанглари орқали ҳамон юқори даражадаги боксчи эканлигини кўрсатди ва ишонаманки, у бор маҳоратини ишга солиб, Исроилга қийин жангни тақдим этади."- деди «Мачроом» рахбари Эдди Хирн.
Албатта, бу жанг аввалидаги билдирилаётган фикр ва мулоҳазалардир… Воқеалар ривожи қандай кўриниш олишини 15 августда билиб оламиз. Шу ўринда Исроил Мадримов ва Шаҳрам Ғиёсовга бўлажак жангларида омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!
Жалол Аҳмедов тайёрлади
Фикрлар