Бу йил Суперлигадан ташқари про-лигага ҳам жиддий қизиқиш бўлиши аниқ. 10 та жамоа қатнашадиган ушбу лиганинг нуфузи ошиб бораётгани энди ҳеч кимга сир эмас. ПФЛ тақдим этган Регламентга асосан про-лигадан Суперлигага дастлабки икки ўринни эгаллаган клублар тўғридан-тўғри йўл олади. 3-ўрин соҳиби эса Суперлигада 12-ўрин эгаси билан плей-офф баҳсида иштирок этади ва бу ўйин про-лига клубининг майдонида ўтказилади. Демак, про-лигага 2,5 та ўрин ажратилган бўлиб, бунинг учун кураш анча жиддий кечиши кутилмоқда. Суперлигани кўзлаган жамоалар эса ортиб боряпти.

Фарғонанинг бош жамоаси – “Нефтчи”да юз бераётган ўзгаришлар ҳақида ортиқча гапириш шарт эмас. Лекин вилоятнинг яна бир клуби – “Истиқлол”ни ҳам эсдан чиқармаслик керакка ўхшайди. Ёдингизда бўлса керак, ўтган йили “Истиқлол” молиявий томондан қийинчиликларга ўралашиб қолганди ва ҳаттоки клуб мусобақада иштирок эта олмайдиган даражага келиб қолганди, футболчилар эса тарқатиб юборилганди. Бироқ охирги паллада барибир жамоани сақлаб қолишди. Ўша пайтдаги бош мураббий Анвар Бердиев ихтиёрида қолган кам сонли ўйинчилар билан бўлса-да, мавсумни муносиб тарзда тугатиб қўйишганди. Шу билан “Истиқлол”нинг ҳаёти қутқариб қолинган.

Янги мавсумга ҳам жамоа астойдил тайёргарликни бошлаган. Ўтган ойда Фарғонада “Ҳоким кубоги” мусобақасида иштирок этиб, финалга етиб келишларини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Таркиб эса “Нефтчи”нинг собиқ ўйинчилари ҳисобига кучайтирилди. Мансур Саидов, Дилёр Эрматов, Павел Смоляченко, Жавоҳир Расулов ва бошқаларни айтиш мумкин.  Лекин яқинда жамоанинг мураббийлари кетганидан хабардорсиз. Жумладан, бош мураббий Анвар Бердиев ҳамда унинг ёрдамчиси Сергей Лебедев “Бухоро” клубининг мураббийлар штабида иш бошлади. Шундан кейин, “Истиқлол”ни энди қайси мураббий бошқариши кун тартибига кўтарилганди. Маълум бўлишича, жамоани Баҳодир Шамшиддинов шуғуллантириб бормоқда. Айтиш керакки, у асли дарвозабонлар мураббийи ҳисобланади. Энди эса бош мураббийлик лавозимида “Истиқлол”ни мавсумга тайёрламоқда. Унга Хушбек Қосимов билан Хислат Чилматов яқиндан ёрдамлашяпти.

Айни пайтда жамоа ўқув-машғулот йиғинини Тошкентда давом эттиряпти. Режага кўра, пойтахтда учта ўртоқлик учрашуви режалаштирилган. 1 март куни янги ташкил этилган “Олимпик” жамоасига қарши майдонга тушишади. 3 мартда “Бунёдкор” U-21га қарши тўп суришса, 5 март санасида “Бунёдкор”нинг асосий жамоаси билан беллашади.

Таркиб эса яна кучайтирилмоқда. Тажрибали ҳужумчилардан бири Мўйдин Мамазулумов ҳам яна “Истиқлол”га қайтди. Ўтган йили ҳам ушбу жамоа шарафин ҳимоя қилганди. Кейинчалик клубнинг тарқатиб юборилиши кўзда тутилгач, бир қатор етакчилар қаторида Мамазулумов ҳам клубни тарк этиб, “Оқ-тепа”га кетганди. Бу йил “Истиқлол” ушбу ҳужумчини яна ортга қайтарди. Футболчининг sports.uzга маълум қилишча, “Истиқлол” билан бир йиллик шартнома имзолаган.

Бундан ташқари, Аббос Махсталиев ҳам “Истиқлол” жамоаси билан бирга. Ўтган йили “Янгиер”да тўп сурган ярим ҳимоячи фарғоналиклар сафига қайтарилди. Маълум бўлишича, “Истиқлол” раҳбарлари ҳам таркибни Суперлигада тўп сурган футболчилар ҳисобига кучайтирган ҳолда жиддий вазифани қўйишмоқда. Эндиликда “Истиқлол” ҳам “Нефтчи”, “Бухоро”, “Динамо” клублари билан бирга Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб бормоқчи. Бу эса про-лигадаги рақобат ҳамда интригани кутилганидан-да кучайтириши аниқ. Тўғриси, бунгача “Истиқлол”ни чемпионатда шунчаки иштирок этиши тахмин қилинаётганди. Бироқ ҳаммаси ҳам биз ўйлагандек эмас экан...

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)