Италия жамоалари Шомуродовдан қуруқ қолиши мумкин!
“Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо А Сериянинг навбатдаги турида “Специя” билан бўлган баҳсда Элдор Шомуродовни яна майдонга туширмади. Бу билан португалиялик мутахассис ўзбек ҳужумчиси хизматларидан буткул воз кечганини англаб олиш қийин эмас.
Клуб раҳбарияти бир неча футболчилар қатори Элдор Шомуродовдан ҳам тезроқ қутилмоқчи. Улар бу орқали ғазнага маълум миқдорда пул тушириш ва янги олинадиган ижрочилар учун жой очишни кўзламоқда.
Гарчи Италия оммавий ахборот воситаларининг бор эътибори Италия терма жамоаси ҳужумчиси Николо Дзаньолонинг “Рома”дан кетишга уринаётганини муҳокама қилишга қаратилган бўлса-да, Шомуродов трансфери ҳам кун тартибидан тушгани йўқ.
Италия фуболи, хусусан, “Рома” фаолиятини ёритишга ихтисослашган https://www.forzaroma.info сайти қишки трансферлар ойнаси ёпилишига бир неча кун қолган паллада Элдор Шомуродов олдида бир неча вариантлар борлигини ёзмоқда.
Биринчи навбатда, “Рома” билан анчадан бери музокара олиб бораётган “Торино” пойтахт клуби спорт директори Тьягу Пинто Шомуродов трансфери бўйича талабларини бироз пасайтириб, ўйинчини тўлиқ сотиб олиш мажбуриятини харид қилиш ҳуқуқига алмаштиришини кутяпти. Томонлар бу трансфер бўйича доимий алоқадалиги айтилмоқда. Туринликларнинг ютуғи – Элдор билан шахсий шартнома бўйича ўзаро келишувга эришганида.
А Серия аутсайдери – “Кремонезе” Шомуродовни қўлга киритиш учун римликларнинг талабини бажаришга тайёр. Бироқ “Торино”дан фарқли равишда кремонеликлар ҳужумчининг розилигини олмаган. Бу борада Шомуродовнинг позициясини тушуниш қийин эмас. Элдор “Рома”дан қайтмайдиган бўлиб кетади. “Кремонезе” ҳали мавсумда бирор марта ғалаба қозонмаган жамоа сифатида мавсум охирида қуйи лигага тушиб кетиш эҳтимоли катта.
Сўнгги маълумотларга қараганда, “Специя” раҳбарияти ҳам ҳужум чизиғини кучайтириш учун Элдор Шомуродовни ўз сафига қўшиб олишга қарор қилди. Бу клуб мутасаддилари “Рома”га мурожаат қилиб, ўзбекистон легионернинг трансфер маълумотларини сўраган.
“Специя” А Серия мусобақа жадвалида хавфли зонага жуда яқин жойлашган. Шу боис, бу клуб ҳам ҳужумчимизнинг розилигини ололмаслиги мумкин.
Трансфер бозори мутахассислари Франциянинг “Лилль” жамоаси имкониятини юқори баҳоламоқда. Чемпионатда юқори ўринлар учун курашаётган бу жамоа Шомуродов учун 13-14 миллион евро таклиф қилгани ҳақидаги хабарлар тарқатилди.
Агар “Рома” талабини озгина пасайтирса, французлар Тьягу Пинто кунганидек Шомуродов учун бадал пулини бирданига тўлаб, трансферни тўлиқ амалга ошириш имкониятига эга. Бу ҳолат, “Лилль”ни А Серия клубларини ортда қолдиришини таъминлайди. Бунинг учун энг асосий талаб – Шомуродовни Италиядан кетишга кўндириш бўлиб қолади.
Демак, қишки трансферлар ойнаси ёпилгунига қадар, Элдор Шомуродов атрофидаги вазият ўзгармайди ва у бир неча клуб учун трансфер нишони бўлиб қолаверади. “Рома” мураббийлар штаби ҳамюртимизни майдонга туширмаётганини эса, легионеримиз кетиши кераклигидан далолат беради, деб баҳолаш мумкин.
Фикрлар